Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда туризмни ривожлантириш учун 30 миллион доллар ажратилади

Президентнинг “Самарқанд вилоятида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини янада жадаллаштириш ҳамда туризм салоҳиятини ошириш мақсадида амалга ошириладиган тадбирларни молиявий қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ПҚ-5249-сон қарори (22.09.2021 йил) қабул қилинди.

Ҳужжатга асосан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармасига (кейинги ўринларда - Жамғарма) $ 30 миллион миқдоридаги кредитни ажратади. У 5 йил муддатга, 2 йиллик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, йиллик 3 % ставка бўйича ажратилади.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги кредитдан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул бўлган ижро этувчи орган ҳисобланади. Кредитни қоплаш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар Самарқанд вилоятининг маҳаллий бюджети қўшимча манбалари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Самарқанд вилояти ҳокимига бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Жамғарма томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг манзилли рўйхатларини тасдиқлаш топширилди.

Шунингдек, белгиланишича, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Самарқанд вилояти ҳокимлигига ажратилган кредитнинг 2021 йилда сўндириладиган асосий қисми Президентнинг 2018 йил 16 мартдаги ПҚ-3608-сон қарорига мувофиқ 2022 йилга ўтказилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2021 йил 22 сентябрдан кучга кирди.