Самарқандда Халқаро донорлар куни нишонланди

- Икки фарзандимнинг ҳаёти донорлар топшираётган қонга боғлиқ, - дейди Феруз Давронов. – Иккаласи ҳам талассемия касаллиги билан оғриган, мунтазам қон қуйиб турилишига муҳтож. Мана 13 йилдирки, донорларга таянамиз. Улардан миннатдормиз.

Афсуски, бу касаллик билан фақат шу оиланинг фарзандлари оғримаган. Бугун республикамизда 250 нафардан зиёд бола мазкур хасталикдан азият чекади. Уларни оғир асоратлардан ҳимоя қилиш учун организмига донорлар қонидан олинадиган компонентлар юбориб турилиши керак.

Вилоят қон қуйиш марказида 14 июнь - Халқаро донорлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбир иштирокчилари орасида шундай мураккаб тақдирли инсонларни ҳам учратиш мумкин эди. Улар бугун ўз халоскорлари ва соҳада меҳнат қилаётган фидойи шифокорларга миннатдорчилик билдириш учун келган. Хусусан, Феруз Давронов сингари фаол ота-оналар жараёнга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида ўтган йили Ўзбекистон талассемия беморлари жамоат фондини ташкил этди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов сўзга чиқиб, беғараз донорликнинг аҳамияти, мазкур ҳаракат туфайли ҳаёти сақлаб қолинаётган беморлар ҳақида тўхталди. Донорлик акцияларини янада кенгайтириш, жараёнда фуқаролар фаоллигини ошириш лозимлиги таъкидланди.

— Вилоятимиздаги шифохоналарга ҳар йили 12,5-13 тонна қон компонентларини тайёрлаб берамиз, - дейди вилоят қон қуйиш маркази бош шифокори Рофе Алиев. – Бунда бизга давлат ва жамоат ташкилотлари яқиндан кўмак беради. Хусусан, прокуратура, божхона ва ички ишлар органлари ходимлари, ҳарбийлар орасида донорлар жуда кўп. Охирги вақтда донор бўлиш ташаббуси билан чиқаётган фуқаролар сони ҳам ортиб бормоқда.

Сана муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи асосида икки нафар самарқандлик донор - Абдусалом Жалилов ҳамда Элмира Степанова “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, бир қатор фаол донорлар ва шифокорларга ҳам ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир якунида Р.Қобилов бошчилигидаги бир гуруҳ масъуллар қон топшириб, хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшди.

Асқар Баротов.