Самарқандда Хитойнинг Нинся-Хуэй райони билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилади

Бунда қишлоқ хўжалигига алоҳида ўрин ажратилади. Нинся-Хуэй автоном райони вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда ана шу ҳақда сўз юритилди.

Учрашув аввалида иштирокчилар хитойлик инвесторлар томонидан қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган лойиҳаларга тўхталиб, Хитой билан ўзаро алоқалар соҳа истиқболларига хизмат қилиши таъкидланди.

Қайд қилинганидек, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ш.Худойбердиев бошчилигида вилоятимиз вакиллари ўтган йили 11-17 декабрь кунлари Нинся-Хуэй автоном районида бўлганди.  Хизмат сафари давомида хитойлик компаниялар билан ҳамкорликда Пайариқ туманида 12 та, Нуробод туманида 2 та лойииҳани амалга ошириш бўйича дастлабки келишувга эришилган.

2024-2025 йилларга мўжалланган режаларнинг умумий қиймати 235,6 миллион долларни ташкил қилади.

Самарқандда кечган бу галги мулоқотларда Нинся-Хуэй автоном райони девонхонаси директори ўринбосари Чжан Ливей, бошқарув идоралари ходимларидан ташқари бир гуруҳ тадбиркорлар ҳам иштирок этди.

Улар билан келишувларни амалга ошириш истиқболлари ва бошқа масалалар юзасидан фикрлашиб олинди.

Нинся-Хуэй автоном райони девонхонаси директори ўринбосари Чжан Ливей ўзаро ҳамкорликни кенг қамровда йўлга қўйиш ҳар икки томон манфаатларига хизмат қилишини айтиб ўтди.