Самарқандда яна бир институт очилди

Бугун Тошкентдаги ISFT (International School of Finance Technology and Science) институти Самарқанд филиалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 

-  ISFT институти илк бор 2021 йилда Тошкент шаҳрида ташкил этилди ва жаҳон стандартларига мос мутахассислар тайёрланмоқда, - деди институт ректори Иброҳим Ғуломов. – Мана бугун фаолиятимизни янада кенгайтириб, Самарқанд шаҳрида институт филиалини очяпмиз. Бунинг учун аввало, ушбу таълим муассасасини қурган ҳомийлар ва қурувчиларимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Янги олий таълим биноси 5 қаватдан иборат бўлиб, унда замонавий ўқув хоналари, фаоллар зали, ошхона, спорт майдони, 25 минг китобга эга кутубхона мавжуд. Ўқув хоналарининг барчаси камералаштирилган ва кондиционерлар билан жиҳозланган.

- Олий таълим муассасасининг ташқи томони замон талабларига мос бўлибди, энди унинг ички томони, яъни таълим жараёни ҳам шунга муносиб бўлсин ва  сифатли мутахассислар тайёрланишига тилакдошман, - деди Самарқанд шаҳар ҳокими.

Дарҳақиқат, ISFT институти «International School of Finance Technology and Science» Самарқанд филиалида халқаро бизнес бошқаруви, педагогика, молия-иқтисодиёт, рақамли технологиялар факультетлари бўлиб, уларда 17 йўналишда бакалавр ва 3 йўналишда магистрлар тайёрланади. Бу йил 300 нафар талаба грант асосида ўқишга қабул қилинади. Дарслар ўзбек, рус ва инглиз тилида олиб борилади.

Тадбир сўнггида Тошкент ISFT институтини аъло баҳолар билан битирган бир гуруҳ талабаларга ноутбук ва сертификатлар топширилди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.