Самарқандда яна “пул ёмғири”: Бунақа бемаъниликни қачон бас қиламиз!

Рост, бутун жамоатчиликка, юртдошларимизга мурожаат қилиш зарурати пайдо бўлмоқда. Чунки тўйлар билан боғлиқ машмаша борки, Самарқандда кузатиляпти. Бунинг ортидан қайсики иллат ижтимоий тармоқда бўй кўрсатса, кўҳна кентга, азим шаҳримизга боғланяпти.
Яқинда тарқалган видеолавҳа эса кейингиларини ҳам бемалол Самарқандда дейиш учун «имкон» яратди. Унда бир «бойвачча» бир неча тахлам пулни сочиб юборганини томоша қилиш мумкин.
Бефаросатлик ёки масъулиятсизлик?
Тўйларда миллий валютамизни оёқ ости қилингани акс этган видеолавҳалар асосан шаҳарда эканлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Уларнинг хатти-ҳаракатларини оқлаб, “орзу-ҳавасли кишилар экан”, дейдиганлар ҳам топилади.
Балки пул топиб ақл топмаганлардир улар. Нима, бошқа вилоятларда бадавлат кишилар йўқми? Борлиги аниқ, бироқ уларнинг Самарқанддаги бойваччалардан фарқи шуки, уларда миллий валютага нисбатан ҳурмат, давлат олдида масъулият бор.
Бошқача бўлиши мумкинмас. Зотан, юртни севган, унинг равнақи учун ўзида масъулиятни ҳис қилган киши миллий валютани оёқ ости қилмайди.
Тўйларни тартибга олиш шарт
Пул сочиш билан боғлиқ ҳодиса борки тўй ва шунга ўхшаш маъракаларда кузатиляпти. Аввал ҳам ёзганмиз, такрор бўлса-да, айтиш лозим, бу тадбирларни чеклаш ҳақида парламент палаталарининг қўшма қарори чиққан. Орадан бир неча йил ўтганига қарамай, унга амал қилмаганларга чора кўришнинг ҳуқуқий асоси яратилмади.
Бунинг ортидан турли хурмача қилиқлар кўпайса кўпаймоқдаки, буткул чек қўйилмаяпти. Шунинг ўзиёқ тўй, маърака-маросимлар борасида Сенат ва Қонунчилик палатаси белгилаган меъёрларга амал қилмаганларнинг “танобини тортиб қўйиш” вақти аллақачон етиб келган.
Яхши отга бир қамчи...
Бу ҳақда бир кишининг саволига Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг берган жавобларини билиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди.
Хусусан, islom.uz сайтига “Тўйларда пул сочиш ёки уни ўша ерда рақсга тушаётганларга бериш ҳаромми?” деган савол йўлланган.
Унга қисқа “Ҳа, чунки бу ҳаром ишни олқишлаш бўлади. Гуноҳга рози бўлиш гуноҳ, гуноҳни олқишлаш эса янада қаттиқроқ. Валлоҳу аълам!”, дейилган.
Аслида изоҳга ўрин йўқ. Фақат хулоса чиқариш, унга амал қилиш ҳар кимнинг ўзига ҳавола, албатта. Аммо бир нечта танишларимдаги ўзгаришни айтиб ўтишни ўринли деб билдим:
- Ўша савол-жавобни ўқиганимдан кейин тўйда чўнтагимдан мутлақо пул чиқармасликни одат қилдим, - дейди улардан бири. – Раққоса тугул, яқинларим, ҳатто опам ё онам ўйнаганда ҳам уларга пул узатмайман.
Ёқубжон МАРҚАЕВ.