Самарқандда “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилади

Давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил 5 февраль куни имзоланган “Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини тубдан янги босқичга олиб чиқишни назарда тутади. Мазкур ҳужжат мактабгача таълим сифатини ошириш, қамров даражасини кенгайтириш ҳамда тизимга илғор педагогик ёндашувларни жорий этишга қаратилган муҳим ислоҳотларни ўз ичига олади.

Жумладан, Фармонга мувофиқ, бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳлари дастури мажбурий умумий ўрта таълимнинг бошланғич босқичи сифатида белгиланди. Эндиликда 6 ёшли болалар учун мактабга тайёрлов жараёни тизимли ва мажбурий асосда ташкил этилади.

2027–2028-ўқув йилидан бошлаб мактабга тайёрлов гуруҳларида таълим жараёнлари олий маълумотли педагоглар ҳамда олий таълим муассасаларининг битирувчи босқич талабалари томонидан олиб борилади. Болаларга бир йиллик тайёрловдан ўтганлик тўғрисида давлат намунасидаги электрон сертификат берилади ва ушбу маълумот умумий ўрта таълим шаҳодатномасида қайд этилади.

Тайёрлов гуруҳлари мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ҳамда бошқа ижтимоий соҳа объектларида тўлиқ ёки қисқа муддатли шаклда йўлга қўйилади. Муҳими, нодавлат таълим ташкилотларига ҳам бундай гуруҳларни ташкил этишга рухсат берилади.

Шунингдек Фармонда мактабгача таълим тизимини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини барпо этиш белгиланган. Ушбу замонавий боғчалар таркибида Болаларни ривожлантириш инновасион маркази ташкил этилади.

“Янги авлод” боғчаларида болаларнинг ёш ва ривожланиш хусусиятларига мос равишда ижод ва санъат, фан ва математика, жисмоний фаоллик, тил ва тасаввур, робототехника ва илк алгоритмлаш йўналишларида тематик ўйингоҳлар ташкил этилади. Ҳар бир йўналиш бўйича тарбиячи-йўриқчилар фаолият юритиб, нафақат болалар, балки ота-оналар ва бошқа боғча педагогларига ҳам методик ёрдам кўрсатади.

Ижтимоий тармоқларда айрим нотўғри талқинлардан фарқли равишда, ушбу боғчалар “табақалаштириш” воситаси эмас, балки сифатни ошириш ва илғор тажрибаларни оммалаштиришга қаратилган намуна муассасалардир. Болаларни қабул қилиш амалдаги тартиб асосида амалга оширилади.

Хусусан, Самарқанд вилоятида 2027 йилда 1 та “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотини қуриш белгиланган бўлиб, у давлат мактабгача таълим ташкилоти сифатида фаолият юритади.

Фармонда педагог кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. 2026–2027-ўқув йилидан бошлаб педагогика олий таълим муассасаларида мактабгача ва бошланғич таълим йўналишлари бўйича бакалаврлар тайёрлаш халқаро илғор тажриба асосида ташкил этилади.

Шунингдек, ўрта махсус маълумотли педагоглар учун дуал таълим шаклида тўлов-шартнома асосида бакалаврлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

“Янги авлод” боғчаларининг маъмурий ва педагог ходимлари танлов асосида қабул қилинади ҳамда уларга тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида давлат бюджетидан ҳар ойлик қўшимча устама белгиланади.

Фармонда  нодавлат секторга бир қанча имтиёзлар жорий этилган. 2026-йил 1 апрелдан бошлаб мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман (шаҳар)ларда тадбиркорлик субъектлари учун қатор имтиёзлар жорий этилади.

Хусусан:

Давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларининг бўш ер майдонларида давлат-хусусий шериклик асосида боғчалар ташкил этишга рухсат берилади;

30 йил давомида ижара тўловлари ундирилмайди;

ҳар бир бола учун 9 соатлик иш режимидаги давлат боғчасида бир нафар тарбияланувчига сарфланадиган харажатнинг 50 фоизи миқдорида субсидия ажратилади.

Бу имтиёзлар 2024 йилдан бошлаб ташкил этилаётган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ҳам татбиқ этилади. Қамров даражаси 80 фоиздан паст ҳудудлар рўйхати ваколатли вазирлик томонидан ҳар йили янгиланади.

Собир Мирзаев,

Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари