Самарқандда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги мавсумда салкам 7 миллион туп кўчат экилади

Кеча, 11 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва маданият масканлари имкониятини тўлиқ ишга солиш ва “Яшил макон” кузги мавсумини ташкил этиш бўйича йиғилиш ўтказилди. Унда жорий йилда, 25 октябрдан 1 декабргача “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилиниши айтилди.

Таъкидлаш ўринлики, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоят ҳудудида 2023 йил баҳор мавсумида 10 364 минг туп мевали ва манзаралари дарахт ва бута кўчатлари экилди.

Самарқанд шаҳри Қорасув массивидаги 38,0 гектар ер майдонида (жами режалаштирилган ер майдони 52,0 гектар) “Янги Ўзбекистон боғи” ташкил этилди. 6,1 млрд. сўм маблағлар эвазига туман ободонлаштириш бошқармаларига 8 та махсус техникалар сотиб олинди.

2023 йил куз мавсумида 6 942 минг туп мевали ва манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилиши бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилди.

Кузги кўчат экиш мавсумида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида “Яшил жамоат парклари” ташкил этилади. Жами 19 гектар ер майдонида 16 та “ҳокимлик боғлари”, шунингдек, давлат ташкилотлари томонидан 50 сотиҳдан - 2 гектаргача ер майдонида ташкилот боғлари барпо этилади. 7 та шаҳар ва туманда 28,4 гектар “Яшил боғ”лар ҳамда атроф муҳитга таъсири хавфи 1 ва 2-тоифага кирувчи йирик саноат корхоналари томонидан 71,8 гектар майдонда 120 минг туп кўчатлар экилиб, “Яшил белбоғ” ташкил этилади.

Булунғур, Жомбой туманлари ҳамда Самарқанд шаҳри ҳудудидан ўтувчи Темир йўли ёқасида 41 километр масофадаги 24,93 гектар ер майдонида 30 962 туп бодом, қайрағоч, айлант, терак дарахтлари экилиб, “Яшил майдон”лар ташкил этилади.

Юқоридаги тадбирларни амалга ошириш учун кўкаламзорлаштириш ҳудудларида 55 км.дан зиёд суғориш тармоқлари қазилади ва 25 та ер ости сув чиқариш қудуқлари қайта тикланади. Дарахт ва бута кўчатлари экиш ишларини сифатли амалга ошириш учун 52 та кўчатхоналарда 10 237 минг туп кўчатлар захираси яратилган.

Рустам ИСЛОМОВ,

Самарқанд вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори.