Самарқанддаги ҳарбий тарихий музейга борганмисиз?

2017 йилда Марказий ҳарбий округнинг Самарқанд гарнизонида  ҳарбий тарихий музей ташкил этилган. Бу маскан фақат экспонатлар жамланган бино эмас, балки тарих, жасорат ва ватанпарварлик руҳи акс этган маънавий-маърифий даргоҳ ҳисобланади.

Музей экспозициялари Амир Темур ва темурийлар давридаги ҳарбий санъатга бағишланган бўлимлар билан бошланади. Унда ўша давр жанговар анъаналари, қўмондонлик маҳорати, ҳарбий тартиб-қоидалар, қурол-яроғ ва ҳарбий техника намуналари акс эттирилган.

Ушбу музейга ташриф буюрувчилар буюк саркарданинг ҳарбий стратегияси ва давлат бошқарувидаги тажрибаси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади, - дейди Марказий ҳарбий округ тарбиявий-мафкуравий ишлар бошқармаси бошлиғи Ҳамза Умаров. — Шунингдек, музейда Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари йилларида ватан ҳимоясида фидокорлик кўрсатган юртдошларимиз, жадидчилик ҳаракати намояндалари, шунингдек, илм-фан ва маърифат тараққиётига муносиб ҳисса қўшган зиёлиларнинг ҳаёти ва фаолиятига оид материаллар ўрин олган.

Музейнинг алоҳида бўлимлари эса миллий армиямиз ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топиши, ривожланиш босқичлари ва эришган ютуқларига бағишланган.

Шу билан бирга, Марказий ҳарбий округ фаолияти, ҳарбий-тактик машғулотлар, халқаро ҳамкорлик, тинчликпарварлик операциялари, замонавий ҳарбий техникалар, ҳарбий хизматчиларнинг фидойи меҳнатини акс эттирувчи ҳужжатлар, мукофотлар ва фотосуратлар намойиш этилган.

Музей замонавий талабларга мос равишда интерактив тақдимотлар, виртуал экспозициялар, видеоархивлар билан жиҳозланган. Болалар ва ўсмирлар учун жорий этилган “Ватанпарварлик мактаби”, буюк боболаримиз номи билан аталувчи махсус синфлар эса ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда Ватанга муҳаббат ва масъулият ҳиссини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бундан ташқари, ушбу маскан хорижлик меҳмонлар, ҳарбий делегациялар ва халқаро ташкилотлар вакиллари учун ҳам очиқ бўлиб, ҳамкорлик, дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш ва тажриба алмашишга хизмат қилмоқда.

Умуман, Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий тарихий музей бугунги кунда тарих ва замонавийликни ўзида уйғунлаштирган, маънавий тарбия ва ҳарбий-маърифий марказга айланган.

Фазлиддин Рўзибоев.