Самарқанддаги ҳашарда 750 дан зиёд уй-жой таъмирланади
Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги олдидан “Маҳаллаларни ободонлаштириш” ойлиги доирасида бугун Самарқанд вилоятида ҳам “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида умумхалқ ободонлаштириш хайрия ҳашари ўтказилмоқда.
– Маҳаллаларни ободонлаштириш ойлиги ҳамда бугунги умумхалқ ҳашарида вилоятимиздаги маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар, бинолар, зиёратгоҳ ва қабристонлар, ариқлар ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтириш, дарахтларни оқлаш ва шакл бериш, ҳудудларда санитария-гигиеник дезинфекция ишларини амалга ошириш режалаштирилган, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Акбар Аҳтамов. – Бундан ташқари, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар, пенсионер ва ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашиш, санитария-эпидемиологик талаблар асосида маҳаллаларда ободонлаштириш ишларини ўтказиш кўзда тутилмоқда. Жумладан, бугун эрта тонгдан 560 га яқин қабристон ва зиёратгоҳларда ободонлаштириш ишлари бошланди. Маҳаллаларда 800 гектардан ортиқ ҳудуд тартибга келтирилиб, ободонлаштирилади.
Ҳашар доирасида вилоятдаги 750 дан зиёд юртдошимизнинг хонадонлари таъмирланади. Бунинг учун 190 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. Шунингдек, 600 дан зиёд эҳтиёжманд, 170 га яқин ногирон ва ёлғиз қарияларга қарийб 180 миллион сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатиш режалаштирилган.