Самарқанддаги мактабларда физика фани кенгроқ ўқитилади
2021-2022 ўқув йилидан бошлаб Самарқанд вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасаларида физика фани кенгроқ ўқитилади. Жумладан, ихтисослаштирилган мактабларда физика фани таянч ўқув режада белгиланган ўқув соатлар доирасида ҳафтасига 3 соатдан ўтилади.
Бу ҳақда вилоят ҳокимининг 2021 йил 24 мартдаги 53 –Қ–сонли қарорида белгиланди.
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 мартдаги “Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5032-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳақида бўлиб, унга кўра, 2022 йил 1 январга қадар вилоятда битта “Баркамол авлод” болалар мактабида “STEM” физика клуби ташкил этилади.
Маълумот ўрнида яна шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан Самарқанд давлат университети тузилмасида физика соҳалари бўйича кадрлар тайёрловчи “Самарқанд давлат университетининг муҳандислик физикаси институти” ташкил этилади. Шунингдек, университетга физика фани фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (Dsc) илмий даражаларини бериш ваколати тақдим этилди.