“Бор нарса ҳеч қачон йўқолиб кетмайди, балки бир турдан иккинчисига айланади”

Физикадаги ушбу қонун ва бу фаннинг замонавий ривожланиши учун астойдил изланиш олиб бораётган талаба бежиз Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиясига сазовор бўлмаганини исботламоқда.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак ”, деган эди. Шу билан бирга физика ва чет тилларини ўрганишни устувор йўналиш, деб белгилашни таклиф қилганди.

Ҳақиқатан ҳам ёшларнинг юқори марраларни забт этиши, билимларни пухта эгаллаши, замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланиши учун физика фани сирларини пухта ўрганишлари, инглиз тилини ҳам мукаммал ўзлаштириши талаб қилинади. Самарқанд давлат университети талаба-ёшлари ҳам ўзларининг интилувчанлиги, хорижий тилларни билиши билан кўплаб ютуқларга эришаётганини эътироф этиш лозим.

Мана шундай иқтидорли талабалардан бири физика факультети 4-курс талабаси Азиза Қаҳҳоровадир. 

Азиза Самарқанд шаҳридадаги 45-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олди. Мактабда ўқиб юрган кезлариданоқ, физика ва математика фанларига қизиқиб, фан тўгаракларида фаол иштирок этди. Азизанинг физика фанига бўлган иштиёқи уни 2017 йилда Самарқанд давлат университети физика факультетига ўқишга киришга сабабчи бўлди. У ўқиши давомида физика фанининг сир-асрорларини мукаммал ўрганишга бел боғлади. Илмий-тадқиқот ишларида ҳам фаол қатнашди, устозларидан ўрганиб, билимларини мустаҳкамлади. У иккинчи босқичдан буён ядро физикаси ва астрономия кафедрасининг иқтидорли талабаси сифатида  кафедра мудири Р.Эшбўриев илмий раҳбарлигида радиацион экология ва ядро энергетикаси соҳасида тадқиқотлар олиб бормоқда.

Самарқанд вилояти тупроқларида табиий ва техноген радионуклидларнинг миграция хусусиятлари, Ўзбекистоннинг суғориладиган майдонлари тупроқларида радиацион активлик ҳолати, Ўзбекистон атмосфера ҳавоси таркибида радон газининг тақсимоти, цезий-137 ва стронций-90 техноген радионуклидларининг тупроқдаги миграцияси, табиий радионуклидларнинг горизонтал ва вертикал миграциясини ўрганиш мавзуларида нуфузли хорижий журналларда ўнга яқин илмий мақолалар чоп этиб, республика илмий конференцияларида маърузалар билан иштирок этди.

Азиза Қаҳҳорова ўқишдаги ва илмий-тадқиқот соҳасидаги ютуқлари эвазига 2020/2021 ўқув йилида талабалар ўртасида табиий фанлар йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси ғолиби бўлди.

У ҳозирда  радиацион экология ва экспериментал ядро физикаси соҳасида кафедрада олиб борилаётган илмий ишларда муваффақиятли иштирок этмоқда. Азиза нафақат илмий изланишлари, балки маданияти, иқтидори, билими ва ҳаракати билан бошқаларга ўрнак. Рус ва инглиз тилларида эркин мулоқот қила олади. Юртбошимиз айтганидек, физика ва хорижий тилларни пухта ўзлаштирган ёшларимиз келажакда юқори марраларни эгаллаши, ватанимиз равнақи йўлида хизмат қилиши шубҳасиз. Мана шундай талабалар сафи кенгайишида Азизага ўхшаган интилувчан ёшларимизнинг ҳар жиҳатдан ибрати жуда муҳим. 

Аслиддин Норқулов.