Ядронинг парчаланишидан чиқадиган энергия одатдаги ёқилғи манбалари ёнишидан чиқадиган энергиядан бениҳоя катта

ХIХ аср охирида физикада радиоактивлик ҳодисаси кашф этилди. Менделеев жадвалининг охирги катакларини эгаллаган бир қатор элементларнинг ўз таркибидан мусбат зарядланган алфа-зарралар (гелий атоми ядроси)ни, манфий зарядланган бетта-зарралар (электронлар)ни ва зарядсиз гамма-нурларни тўхтовсиз чиқариб туриши аниқланди. Бундай элементлардан уран (U92), плутоний (Pу94), актиний Аc89) ва бошқа элементларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Бундай радиоактив моддалар асосида атом электростанциялари, атом ва водород бомбалари ва ҳоказо асбоблар ясалганини эшитганмиз. Буларнинг барчаси асосида тугалмас энергия манбалари мавжуд.

Физик-назариётчи бўлганимдан бир дона U238 ядросининг парчаланиши натижасида қанча энергия ажралиб чиқишини ҳисоблаб кўрсатмоқчиман.

Биринчидан, бу ядро уран элементининг изотопларидан бири ҳисобланади ва у секин нейтронлар таъсирида тез парчаланиб кетади. Бу элементнинг ҳар бир ядроси парчаланганида 220 МэВ энергия ажралиб чиқишини билган ҳолда, модданинг ҳар бир моллида ўн даражаси йигирма учдан ортиқ зарра борлигини назарга олсак, бир грамматом уран ядросининг тўла парчаланишидан қарийб йигирма триллион жоул иссиқлик миқдори ажралиб чиқишини осонгина топамиз.

Агар бу иссиқлик миқдорини биз ўрганиб қолган калорияларда ифодаласак, бир миллиард калориядан ёки бир миллион килокалория иссиқлик ажралиб чиқади, деган гап бўлади. Агар 1 килограмм аъло сифатли тошкўмир ёқилганда, ўн минг килокалория иссиқлик ажралиб чиқишини эсга олсак, 1 грамм атом уран ядросининг тўлиқ парчаланишидан чиққан иссиқликни олиш учун ўрта ҳисобда 418 тонна кўмирни ёндириш керак бўлар экан. Ёки биз кундалик турмушда ишлатаётган табиий газ - метан гази бўлади ва унинг бир кубини ёққанимизда қарийб тўққиз минг килокалория иссиқлик ажралиб чиқишини ҳисобга олсак, ураннинг бундай парчаланишида ажралиб чиқаётган энергияни олишимиз учун миллион кубометр атрофидаги газни махсус қурилмаларда ёндиришимизга тўғри келади. Демак, ядронинг парчаланишидан чиқадиган энергия одатдаги ёқилғининг ёнишидан чиқадиган энергиядан бениҳоя катта бўлар экан.

Биламизки, ерда иссиқлик энергия захиралари абадий эмас. Уларнинг захиралари йилдан-йилга камайиб, тугаб бормоқда. Шу туфайли инсоният ҳозирги вақтда ёқилғининг муқобил турларидан кенг фойдаланиш йўлларини ахтармоқда. Бу соҳада юртимизда атом электростанциясининг қурилаётгани Президентимизнинг узоқни кўзловчи сиёсати фан ютуқлари билан нақадар асосланганлигини кўрсатади. Албатта, бундай электростанцияларнинг  хавфсизлиги Россия олимлари ва муҳандислари томонидан юқори савияда таъминланган. Шу сабабдан кўплаб давлатлар Россия технологияси билан ишлаб чиқилган бундай АЭСларни ўз мамлакатларида қурмоқда ва муваффақият билан улардан фойдаланмоқда.

Ортиқ ПАРДАЕВ,

СамДУ профессори.