Замонавий дунёда деярли барча жойда муқобил энергияга ўтиляпти. Шароит, имконият бўлса-да бизда бунга эътибор нега суст?
Электр энергиясининг 1 соат ёки 1 сутка узилиши вилоят иқтисодиётига қанча зарар келтириши ҳақидаги ҳисоб-китоб ҳали кузатилмаган ҳолат. Ваҳоланки, биргина ўтган йили қиш чилласида электр таъминоти огоҳлантиришсиз узилгани Каттақўрғон туманидаги иссиқхоналарнинг миллиардлаб зарар кўришига сабаб бўлганди. Демак, биргина иссиқхонаки шунча зарар кўряптими, бошқа ишлаб чиқарувчилар ҳам ундан кам бўлмаган пул йўқотяпти. Ўз навбатида бу бюджет даромадида камайиш, асосийси, иқтисодиётга салбий таъсир эмасми?
Йўқ, воқеликларнинг ривожи гўёки бундай эмасдек кўринади. Зотан, электр энергияси етказиб беришдаги узилишлар ҳамон давом этмоқда. Табиийки, иқтисодиёт бундан миллиардлаб зарар кўряпти. Мутасаддилар, олимлар, соҳа мутахассислари буни кўриб, билиб, ўзларини кўрмаганга, билмаганга солаётганга ўхшайди.
Мутасаддилар журъат топармикан?
Давлатимиз раҳбари янги муддатга президентликка сайланган инауграция маросимида бошқа соҳалар қатори энергетика тизимида ҳам замонавий ёндашувлар йўлга қўйилишини алоҳида тилга олди.
Аслида бу масала Президент томонидан соҳада илгари сурилаётган илк таклиф эмас. Тизимни модернизация қилиш, электр энергиясининг муқобил шаклларидан фойдаланишга ўтиш бўйича қайта-қайта айтиб келяпти. Бу борада қатор ҳужжатлар ҳам имзоланган. Бироқ уларнинг ижросига келганда “ўрага сичқон тушди, гулдур-гуп”.
Ажаблантирадигани шуки, қайсидир соҳада ўзгариш, янгича ёндашув бўлса аксар ҳолларда давлат раҳбари ёки вилоят миқёсида бўлса, ҳоким ташаббус кўрсатиши шарт. Оддий мисол zarnews.uz сайтида Қорақалпоғистон Республикасида қуёш панелларидан фойдаланилаётганини хабар қилдик.
Таассуфки, бирор мутасадди, соҳа мутахассиси ё бирор олим бунга муносабат билдирмади. Ушбу хабарда бу янгилик Наманганда ҳам йўлга қўйилгани айтилди. Ажабланарлиси, “буни Самарқандда жорий қилиш учун кимга, нима тўсқинлик қилади?” деб савол ўртага ташланди.
Хўш, бундай ҳолатда тараққиётдан, турмуш фаровонлигидан гапириш ўринлимикан? Зотан, Энергетика вазирлигининг ўзи тизим юкламани кўтаролмаслигини айтиб турибди. Вилоят фаоллари эса ҳамон ҳоким нимадир дейишини кутишдан нарига ўтмаяпти.
Муқобил энергияга зарурат борми?
Тўғри, Самарқандда электр энергияси таъминотини яхшилаш учун ҳеч бир иш қилинмаяпти, деб бўлмайди. “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти дастур доирасида катта ишларни амалга оширяпти. Муҳими, бу борада вилоят ҳокимлиги ҳам қараб тургани йўқ. Хусусан, тизимдаги аҳвол ночорлиги, республикадан ажратилаётган маблағ ҳисобига ҳали-бери моддий-техник базани яхшилаш имкони йўқлиги учун бетон устунлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Вилоят ҳокимининг бу ташаббуси билан вилоят электр тармоқлари корхонасида 10 га яқин янги иш ўрни яратилди.
Бундан ташқари, Каттақўрғон шаҳрида ишлаб чиқарилаётган трансформатор пунктларидан маҳаллий фойдаланувчиларга етказиб бериш чоралари кўрилмоқда. Маънан эскирган симёғочлар маҳаллий бюджет маблағлари асосида алмаштириляпти.
Аммо бу мавжуд муаммога ечим эмас, аслида. Негаки, потенциал фойдаланувчилар кун сайин ортиб боряпти, инфратузилма ҳар қанча янгилангани билан маҳсулот танқис бўлгач, узилиш давом этавериши тайин. Ва амалда бунга гувоҳ ҳам бўляпмиз.
Кимдир айтиши мумкин: вилоятда 4-5 жойда мини ГЭСлар ташкил қилиняпти. Бу электр энергияси етказиб беришда янги имкониятлар эшигини очади.
Шубҳасиз, шундай ҳам бўлади. Аммо масаланинг яна бир нозик жиҳати борки, уни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Чунки, кейинги йилларда иқлим ўзгариши туфайли ёғингарчилик миқдори йил сайин камайиб боряпти. Табиийки, сув ҳавзаларида ҳам сув миқдори пасайиб кетяпти. Бу жараён тўхтовсиз давом этяпти. Демак, сувдан энергия ишлаб чиқариш ҳам муаммога ечим бўлолмайди.
Бас шундай экан, муқобил энергиядан фойдаланишга ўтиш шарт.
Бизнингча, қуёш панеллари бор-йўғи мутасаддилар, соҳа ходимлари учун ноқулайлик туғдиради, холос. Негаки, замонавий дунёда деярли барча жойда муқобил энергияга ўтиляпти.
Оддий мисол, сайтимизда Финландияда янги қурилаётган уйлар ўзини ўзи таъминлайдиган бўляпти. Яъни, уларга электр энергияси етказиб бериш учун ҳеч қандай сим ё кабель тортиб келинмайди. Бундай уйлар қуёшдан, шамолдан, ён-атрофдаги шовқин электр энергияси ҳосил қилиб, ўзини ўзи таъминлайди. Оддийроқ айтганда, финлар қулайлик яратиш учун илм-фанга, янгиликка интиляпти.
Муқобил энергия биз учун янгиликми?
Биз мавжуд ресурслардан тўғри фойдаланишни удда қилмаяпмиз ёки хоҳламаяпмиз, холос. Башарти, шундай бўлмаганида 2016-2017 йилларда “Адолат” социал-демократик партияси ва Экология қўмитаси бошлаган ташаббус кенг қулоч ёйган бўларди. Улар томонидан вилоятнинг турли нуқталаридаги мактаб ва шифохоналарга 50 га яқин қуёш панеллари ўрнатилди. Афсуски, сайловолди кампаниясида “ура-ура”чилик билан бошланган бу хайрли иш аста-секин унутилди.
Аҳамиятлиси, вилоятнинг Нуробод, Қўшработ сингари олис ҳудудларидаги қайсидир мактаб ёки шифохоналар электр энергияси муаммосидан қутулди.
Муқобил энергия ҳақида гап кетганда қуёш нурлари билан бирга шамол ҳам ёдга келади. Мутаxассисларнинг аниқлашича, шамол энергияси манбаи сайёрамиздаги барча дарёларда мавжуд сув энергияси манбаларидан 100 марта кўп экан. Маълумотларга кўра, шамол генераторлари шамол тезлиги 3 метр/секунд бўлганда электр токи бера бошлайди. Самарқанд шаҳрининг биргина аэропорт ҳудудида шамолнинг ўртача йиллик тезлиги 4 метр/секунддан ошади. Шунинг ўзиёқ соҳа истиқболини кўрсатиб турибди. Афсуски, ҳамон бу имкониятдан фойдаланилмаяпти.
Дарвоқе, бундан 10 йиллар аввал Самарқанд давлат университети гидрометеорология кафедраси томонидан вилоятда шамол ресурсларини ўрганиш ва харитасини тузиш бўйича илмий тадқиқот ишлари бошланган эди. “Адолат” СДП ва Экология қўмитасининг ташаббуси каби республика ОАВларида роса шов-шув бўлган бу иш ҳам кейинчалик унутилди.
Умуман, Булунғур, Ургут, Нуробод, Пайариқ туманларидаги асосий шамол йўлларида ер сатҳидан 70 метр баландликда шамол электр станцияларини қуриш мумкин. Ривожланган давлатларда шамол электр станциялари углеводородларни ёқиш ҳисобига олинаётган электр энергияси ўрнини қоплашнинг асосий манбаси ҳисобланади. Жумладан, Нидерландия ва Германияда бундай станциялар яхши ривожланган.
Асосийси, шамол ёрдамида ишлаб чиқариладиган электр энергияси таннарxининг асосий қисмини уни қуришга сарфланган xаражатлар ташкил этади. Эксплуатация давомида эса ҳеч қандай ёқилғи талаб этмайди. Бизда ҳам шамол ёрдамида электр энергияси олиш бўйича имкониятлар бўлишига қарамай ундан фойдаланилмаяпти.
Депутатлар ташаббус кўрсатса-чи?
Сайтимизда муқобил энергияга оида яна бир хабарга муносабат билдирилмади. Унда қайд этилишича, АҚШнинг Калифорния штатида янги қурилаётган объектларга қуёш панелларини ўрнатиш мажбур қилиб қўйиляпти. Бу бўйича ҳудуд депутатлари махсус қарор (уларда қонун) лойиҳасини тайёрлаган.
Тасаввур қиляпсизми, АҚШ, Калифорния. Нима, уларда ҳам биздаги каби электр энергиясида узилишлар кўпми?
Йўқ, улар шунчаки муаммони юзага келмасидан аввал олдини олиб қўйишмоқчи. Бизда ҳам маҳаллий Кенгашларга ҳудуддаги барча давлат ва жамоат ташкилотлари учун мажбурий бўлган нормаларни белгилаш ваколати берилган.
Ўша савол: нега иқтисодиёт, жамият ва аҳоли учун фойдали, самарали ташаббусларни амалга ошириш учун Президент ёки вилоят ҳокими айтишини, кўрсатиб беришини кутаверамиз?!
Ёқубжон МАРҚАЕВ.