Энергетика вазирлиги аномал совуқ кунлари электр таъминотида график асосида қисқа муддатли ўчиришлар бўлишини маълум қилди
Энергетика вазири бошчилигида тизим корхоналари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда айтилишича ҳаво ҳарорати кескин пасайган кунларда:
1. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига киритилаётган чекловлар давом эттирилади;
2. Йирик ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилади;
3. Энерготизимдаги йирик истеъмолчиларнинг кунлик электр энергияси истеъмоли камайтирилади ва тежалган 11-12 млн кВт-соат электр энергияси аҳоли истеъмолига йўналтирилади;
4. Барча истеъмолчиларни бир маромда электр энергияси билан таъминлаш учун маҳаллий ҳокимликлар билан келишиб, тасдиқланган графикларга асосан қисқа муддатли чекловлар киритилади;
5. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станциялари ва марказларнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида кунига ўртача 49 млн куб метр табиий газ етказиб берилади. Бугунги кунда мазкур станциялар учун 90 минг тонна мазут ва 280 минг тонна кўмир ёқилғиси захираси яратилди;
6. Истеъмолчиларга кунлик кўмир етказиб бериш ҳажми 5000 тоннадан 8000 тоннага оширилади.
Йиғилишда совуқ кунларда электр энергиясига бўлган талаб ортиши натижасида электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида ҳам юкламалар кескин ошиши айтилган.
Бунда, диспечерлар маҳаллий ҳокимликлар ва ҳудудий электр тармоқлари белгиланган муддатдан ортиқ чекловлар киритмаслиги айтилган.
Икки соатдан ошмаган вақт оралиғида ҳудудлар кесимида жорий этилаётган чеклов графиклари барча вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилиб борилиши кўзда тутилган.
Вазирлик хабарига кўра, истеъмолчилар электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақами ёки Телеграмдаги @HET_admin администраторга, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти юзасидан 1104 ёки 104 телефон рақамларига ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишлари мумкин.