Самарқанддаги спорт-таълим муассасаларида янги йўналишлар очилди
Бугунги кунда вилоятда 30 та спорт-таълим муассасаси фаолият юритмоқда.
Жумладан, Самарқанд олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази, Тойлоқ яккакураш ва сув спорт турларига тайёрлаш олимпия маркази, спортнинг эшкак эшиш турлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари республика болалар-ўсмирлар спорт мактаби, 4 та ихтисослаштирилган спорт мактаби, 21 та спорт мактаби ҳамда 1 та футбол маҳорат мактаби (академия)си, “Динамо” ПФК футбол мактаби мавжуд.
Вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси спорт таълим муассасалари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси Баҳодир Бердиқуловнинг маълум қилишича, 2022-2023 ўқув йилида вилоятдаги спорт-таълим муассасаларида ўнга яқин янги йўналишлар очилган. Булар - спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабида чим устида хоккей, шайбали хоккей, якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида камондан отиш, Самарқанд шаҳар 1-сон спорт мактабида чим устида хоккей, баскетбол, Самарқанд тумани 1-сон спорт мактабида қиличбозлик, камондан отиш, чим устида хоккей, Пайариқ тумани 2-сон спорт мактабида регби ҳамда Ургут тумани 1-сон спорт мактабида қояни забт этиш бўлимларидан иборат.
Шунингдек, паралимпия спорт турлари бўйича сув спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида парасузиш, Самарқанд шаҳар 1-сон спорт мактабида парақиличбозлик, Самарқанд шаҳар 2-сон спорт мактабида параенгил атлетика, Каттақўрғон шаҳар спорт мактабида парашахмат, Булунғур спорт мактабида паратаэквондо, Жомбой тумани спорт мактабида парадзюдо, парастол тенниси, параенгил атлетика, Паст Дарғом тумани 1-сон спорт мактабида парабадминтон, Пахтачи тумани спорт мактабида параенгил атлетика, паратаэквондо, Самарқанд тумани 2-сон спорт мактабида парадзюдо, Тойлоқ тумани спорт мактабида параенгил атлетика, Пайариқ туманидаги 1- ва 2-сон спорт мактабларида паратаэквондо, паравелоспорт, парақиличбозлик йўналишлари очилган.
Янги ташкил этилган бўлимларда спортчиларнинг шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилган ва спорт мактабларида хотин-қизлар учун алоҳида фитнес-клублар ҳамда спорт мактабларида аёллар соғломлаштириш гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда.