Самарқанддан 195 минг АҚШ долларлик гилос экспорт қилинди

Ёз яқинлашиши билан серҳосил турли хил бир-биридан мазали меваларимиз дастурхонлар кўркини, бозор расталарининг олд қисмини эгаллай бошлайди.

Заҳматкаш деҳқонларимиз томонидан етиштирилган ушбу мевалар нафақат ички бозорлар, балки ташқи бозорларда ҳам ўз харидорларига эга.

Серқуёш ўлкамизда етиштирилган сархил мева-сабзавотларни экспорт қилиш мавсуми аллақачон бошланган. Бирин-кетин пишиб етилаётган маҳсулотлар жаҳон бозорларига йўл олмоқда.

Айни пайтда гилос экспорти ўзининг қизғин палласида. Жорий йилнинг 27 май ҳолатига кўра, Самарқанд вилоятида жами 102 тонна, қиймати 195 минг АҚШ долларлик гилос экспорт қилинди.

Ушбу мавсумда Россия Федерацияси ва қўшни Қозоғистон ўзбек гилосининг асосий харидори эканлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Рақамлардан кўриш мумкинки, экспорт қилинаётган ўзбек гилосининг энг катта қисми ушбу икки мамлакат ҳиссасига тўғри келмоқда.

Шунингдек, маълумот тариқасида Республика эскпортёрлари томонидан ҳам Беларусь, БАА, Польша, Хитой, Жанубий Корея, Туркманистон, Таиланд каби давлатларга 200 тоннага яқин гилос экспорт қилинган.

Айни дамда Самарқанд вилоятида рўйхатдан ўтган эскпортёрлар томонидан гилос экспорти операциялари давом этмоқда. Бунда эса вилоят божхона ходимлари томонидан карантин талабларига риоя этилган ҳолда, товарларни экспортга расмийлаштириш жараёнини соддалаштирилган тартибда тез фурсатларда амалга оширилмоқда.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.