“Самарқандга хос ва мос ғалаба”
Республикамизда хотин-қизлар спортини янада оммалаштириш, уларни жисмонан соғломлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, касаба уюшмалар кенгаши томонидан ишчи ходимларни, айниқса, хотин-қизларни доимий равишда спортга жалб қилиш, тармоқ тизимидаги бошланғич ташкилотларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзига риоя этилишини тарғиб этиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида турли спорт мусобақалари ўтказилиб келинмоқда.
Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ташаббуси билан “Биз спортчи қизлармиз” шиори остида тармоқ тизимидаги бошланғич ташкилотларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар ўртасида спортнинг мини-футбол тури бўйича спорт мусобақаси ташкил этилди.
Мазкур мусобақанинг Бухоро вилоятида бўлиб ўтган минтақавий босқичида Самарқанд вилоят жамоаси Республика босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.
Жорий йилнинг 16-17 сентябрь кунлари Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида ўтказилган мусобақанинг республика финал учрашувида Самарқанд вилоят жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, Республика кенгашининг “Кўчма кубоги” соҳиби бўлишди.
Бундан ташқари, жамоа дарвозабони Мафтуна Абдурашидова Республика кенгаши раиси Ш.Дехқоновнинг таклифига биноан “Вице малика”си соврини билан ҳам тақдирланди.
Ж.Очилов.