Самарқандлик икки нафар олим Туркияда медаль билан тақдирланди

Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов бошчилигидаги делегация Туркия Республикасига ташрифи доирасида Турк давлатлари ташкилотининг маданият, санъат, таълим масалалари билан шуғулланувчи - ТуркСОЙнинг Истанбулдаги қароргоҳида бўлди.
Бу ерда ташкил этилган маросимда ректор Рустам Холмуродов ҳамда филология факультети декани, турколог-олим Жўлибой Элтазаровга ушбу обрўли халқаро ташкилот тарафидан таъсис этилган Турк дунёсининг маданий ва таълимий тараққиёти борасидаги буюк хизматлари учун берилувчи олтин медаль топшрилди.
ТуркСОЙ бош котиби ўринбосари Ержан Ваис маросимда сўзлаган нутқида профессор Рустам Холмуродов Турк Дунёси олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишдаги хизматлари, профессор Жўлибой Элтазаров Туркологияга оид тадқиқотларда эришган алоҳида ютуқлари учун ушбу юксак мукофотга лойиқ кўрилганини таъкидлади.
Маросим сўнгида Турк Дунёсидаги ОТМлар ўртасида таълим ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича фикр алмашувлари бўлиб ўтди, дея хабар беради университет ахборот хизмати.