Самарқандлик истеъмолчи бир ойда 38 минг кВт соат электр энергиясидан фойдаланган

Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Самарқанд филиалининг 2023 йилдаги фаолияти ва жорий йилга мўлжалланган режалар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Филиал раҳбари Умид Назаровнинг қайд этишича, бугунги кунда корхона томонидан вилоятдаги 864 мингга яқин аҳоли, 48 мингдан ортиқ юридик истеъмолчига 142 та подстанция, 12272 та трансформатор пунктлари, 29 минг 292 километр тармоқ орқали электр энергияси етказиб берилмоқда.

2023 йилда вилоят бўйича 430 та трансформатор ҳамда 25 минг 44 та янги темир бетон устун ўрнатилиб, 1 минг 298 километр электр тармоғи тортилди. 13 та подстанция, 2941 километр электр узатиш тармоқлари, 1174 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди.

Шунингдек, вилоят ҳудудидаги подстанцияларда 1 та 40,0 МВА, 1 та 25,0 МВА, 3 та 16,0 МВА янги куч трансформаторлари, 15 та подстанцияда катта қувватли куч трансформаторлар ўрнатилди ва бунинг натижасида 245 мингдан ортиқ аҳоли истеъмолчиларининг электр таъминоти яхшиланди.

Бундан ташқари, саноат корхоналари ва тадбиркорлик субъектларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Инвестиция дастурига асосан 32 та кичик саноат зонаси ва эркин иқтисодий зонанинг 23 тасида қурилиш ишлари якунланиб, 28 та  трансформатор пункти ва 97,8 километр электр тармоқлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

– 2023 йилда вилоят истеъмолчиларига 2 триллион 496 миллиард сўмлик, яъни 5 миллиард 125,3 миллион кВт соат (2022 йилга нисбатан 385 миллион кВт соат кўп) электр энергияси етказиб берилиб, 2 триллион 408 миллиард сўм маблағ ундирилди, – дейди У.Назаров. – Етказиб берилган электр энергияси ҳажми ва тўлов миқдори ҳам аввалги йилга нисбатан юқори бўлди. Лекин шу билан бирга тармоққа ноқонуний уланишлар ҳам кўп аниқланиб, етказилган зарар ундириб олиниши таъминланди. Яъни, йил давомида 4807 ҳолатда 56,4 миллиард сўм зарар етказилган. Ушбу сумманинг 3,76 миллиард сўми суд тартибида ундириб олинди. Технологик йўқотишларни камайтириш, йирик фотоэлектр станциялар ва қуёш панеллари ўрнатиш ҳисобига 419,5 миллион  кВт соат (73 фоиз), тармоқларни тартибга келтириш ва модернизациялаш натижасида

98,6 миллион кВт/соат электр энергияси иқтисод қилинди. Нуробод туманининг Тутли массивида қурилган 100 МВт.ли фотоэлектр станциясида 279,5 миллион кВт/соат ҳамда Тойлоқдаги 7,2 МВт.ли гидро электр станциясида 33,4 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Шунингдек, 812 та ижтимоий соҳа объектида 12,96 МВт, 3250 аҳоли хонадонида 6,0 МВт, 23 та кўп қаватли уйда 0,31 МВт ва 370 та тадбиркорлик субъекти биноларида 15,47 МВт қувватли фотоэлектр станциялари ўрнатилиб, электр энергияси олинмоқда. Ўтган йил якунида эса Каттақўрғон туманида БААнинг “MASDAR” компанияси томонидан қурилаётган 100 МВт фотоэлектр станциянинг биринчи босқичи ишга туширилди.

Электр энергияси таъминоти бўйича ҳисоб-китобларда инсон омилининг йўқолиб бориши ва табақалаштирилган тўлов тизимининг жорий этилиши аҳолининг истеъмол маданияти ошиши ҳамда тўловларни ўз вақтида амалга оширилишига катта туртки берди. Тежамкорлик билан, ўз эҳтиёжи ва иқтисодий имкониятига қараб, электр энергиясидан фойдаланган истеъмолчи барча учун тенг бўлган тарифда тўловни амалга оширмоқда. Белгиланган меъёрдан ортиқ фойдаланган истеъмолчи эса бир неча баробар юқори миқдорда тўлов қилмоқда. Масалан, яқинда электрон тизим бир истеъмолчи ой давомида 38 минг кВт соат электр энергиясидан фойдаланганини кўрсатди. Бориб ўрганиб кўрдик, ҳақиқатан ҳам фуқаро уй-жойини иситиш ва бошқа маиший техник воситалари учун шунча миқдорда электр энергиясидан фойдаланган. Шу билан бирга тўловни ҳам амалга оширган – бир ойда электр учун 56 миллион сўм тўлаган.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, жорий йилда вилоятда 2 та подстанция ва 217 дона трансформатор пункти ўрнатилиб, 560,3 километр электр узатиш тармоқларини янгидан қуриш режалаштирилгани маълум қилинди. Жумладан, бу йил вилоятга Хитойдан 10 та юқори кучланишли трансформатор пункти келтирилади. Бундан ташқари, 10 та подстанция, 1197 та трансформатор, 3004 километр электр тармоқларини мукаммал таъмирлаш кўзда тутилган.