Электрдан йирик қарздорлиги бор истеъмолчилар тармоқдан узилмоқда
- Паст Дарғом туманида 4 мингга яқин истеъмолчи хонадонига АСКУЭ электр ҳисоблагичлари ўрнатилмаган.
- Аҳолининг туман электр тармоқлари корхонасидан 12 миллиард сўм дебитор қарздорлиги бор.
- Тумандаги “Камалак инвест текстиль” корхонасининг 1 миллиард сўм, “Унсун момо” фермер хўжалигининг эса 4 миллиард 400 миллион сўм қарздорлиги учун тармоқдан ўчирилган.
Ушбу маълумотлар “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали томонидан журналистлар учун ташкил этилган пресс-тур жараёнида маълум қилинди.
Бугунги кунда тумандаги 78756 истеъмолчининг 75 мингдан зиёдини аҳоли, 3666 тасини эса юридик шахслар ташкил этади. 70 мингдан зиёд аҳоли хонадонларида “ақлли” ҳисоблагичлар онлайн тизимида ишламоқда.
- Туманда нореал қарздорлар сони аста-секин камайтириб борилмоқда, дейди АСКУЭ бўлими мутахассиси Жамшид Шоназаров. – Йил бошида 8600 нафар истеъмолчига ўрнатилган ҳисоблагичлар билан алоқа узилган бўлса, 4 мингга яқин ҳисоблагичларида пайдо бўлган турли техник носозликларни бартараф этилди. Айни вақтда тизимга уланмай қолган 4650 нафар истеъмолчи билан иш олиб боряпмиз. Кўпчилик хонадонларда аҳоли яшамаслиги ёки улар жойлашган ҳудудда интернет тизими яхши ишламаслиги сабабли ишимизда айрим қийинчиликлар учраб турибди. Қарздор истеъмолчилар аниқланиб, маъмурий судларга ҳужжатлари расмийлаштирилиб берилмоқда.
- Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида 331 та трансформатор пункти ва 600 километр узатиш тармоқлари таъмирланди, - дейди туман электр таъминоти корхонаси бош муҳандиси вазифасини бажарувчи Умид Салимов. - 1 ноябрга қадар қўшимча 63 дона трансформатор ва 38,6 км узатиш тармоғини таъмирлаш ишлари режалаштирганмиз. Маҳаллаларда турли қарор ва дастурлар асосида 423 дона темир-бетон устунлари, 9 та трансформатор пункти ўрнатилиб, 19 километр узунликда ёпиқ типдаги СИП кабеллари тортилди.
Аҳолининг туман электр тармоқлари корхонасидан 12 миллиард сўм дебитор қарздорлиги бор. Йирик “Камалак инвест текстиль” корхонасининг 1 миллиард сўм, “Унсун момо” фермер хўжалигининг эса 4 миллиард 400 миллион сўм қарздорлиги учун тармоқдан ўчирилган.
Хусусан, ўтган йили вилоят ҳокимлигининг маҳаллий бюджети ҳисобидан 310 дона темир-бетон устунлари ҳамда кабель тармоқлари ажратилиб, туманнинг 35 та маҳалласида ўз вақтида ўрнатиш ва тармоқ тортиш ишлари бажарилди. Ҳозирда “Гўзалкент” маҳалласида 270 дона бетон устунлар ва 14,95 км СИП кабеллари тортиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, фуқароларнинг мурожаатларига асосан туманнинг Меҳнат, Самарқанд, Тўрттом маҳаллаларида 3 та трансформатор пункти ўрнатилди. Болдир маҳалласида 65 та таянч устунлари ўрнатилиб, 2,5 километр янги тармоқ тортилган. Туман электр таъминоти корхонасида 7 та тезкор бригада ва тунги навбатчи бригада ташкил этилган.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.