Самарқандлик олимга Россияда “Устоз болалар врачи” мукофоти берилди

23-25 октябрь кунлари Москва шаҳрида академик Ю.Вельтишев номидаги педиатрия ва болалар хирургияси илмий-тадқиқот клиник институти томонидан “Педиатрия ва болалар хирургиясида инновацион технологиялар” мавзусида конгресс ўтказилди.

Форумда кенг доирадаги болалар касалликларининг диагностикаси, уларни даволаш ҳамда олдини олиш соҳасидаги сўнгги илмий ишланмалар, шунингдек, кенг қамровли клиник мисоллардан фойдаланган ҳолда даволашнинг анъанавий ва замонавий усуллари ҳақида сўз юритилди.

23 йилдан буён ҳар йили ўтказиладиган мазкур илмий анжуманда Самарқанд давлат тиббиёт университети вакиллари ҳам иштирок этди.

Конгресс доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университети 1-сон болалар хирургияси кафедраси профессори Азамат Шамсиевга Россияда хизмат кўрсатган фан арбоби А.Кисел номидаги “Устоз болалар врачи” мукофоти берилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу мукофот шу пайтгача фақат россиялик болалар жарроҳларига берилган ва Азамат Шамсиев мазкур мукофот билан тақдирланган илк хорижлик олим бўлди.

Бугунги кунгача профессор А.Шамсиев Россиянинг академик А.Вишневский номидаги олтин медаль соҳиби ҳамда профессор В.Немсадзе мукофоти лауреати бўлган.