Самарқандлик олимнинг хизматлари Туркияда эътироф этилди

Туркия Республикасининг асосчиси – Мустафо Камол Отатурк томонидан асос солинган Турк Тили Жамияти (Türk Dil Kurumu, 1932) дунёда ва Туркияда миллий тил, ёзув, имло, терминология, тил тарихи масалалари билан жиддий илмий шуғулланиб, турк тилини тараққий эттирган, унинг бегона тиллар бўйунтуруғидан халос қилган ва модернизациялашга катта хизмат қўшиб келаётган илмий ташкилотлардан бири.

Турк тили жамияти кейинчалик ташкил этилган Турк тарих жамияти ва Турк маданиятини ўрганиш институтлари билан бирга Отатурк номидаги маданият, тил ва тарих олий жамиятини таркибига киритилган бўлиб, бу илмий ташкилот турк инқилобининг йўлбошчисидан мерос қолган сармоя (3 млрд доллар деб тахмин қилинади) асосида ўз фаолиятини молиялаштириб, турк тили, туркий тиллар, туркий халқлар тарихи, адабиёти, маданиятига доир илмий ишлар, лойиҳалар ва нашрларни амалга ошириб боради. Туркия Республикасида Турк Дил Куруму академия даражасидаги давлат илмий ташкилотидир.

Шу билан бирга Турк тили жамияти дунёда туркий халқлар, тиллар, маданиятлар хусусида муваффақиятли тадқиқотлар олиб бораётган олимларни фахрий, ҳақиқий ва мухбир аъзолар сифатида ўз сафига чорлайди.

Яқинда 2020 йилги Турк тили жамияти таркибига сайловларда ушбу обрўли илмий ташкилотга “Ипак йўли” туризм халқаро университетининг биринчи проректори, филология фанлари доктори, профессор Жўлибой Элтазаров мухбир аъзо сифатида сайланди. Бу хусусда олим Турк тили жамияти Раиси профессор Гурер Гулсевин томонидан ёзилган мактубда чет мамлакатларда туркий тиллар хусусида самарали тадқиқотлар олиб борганлиги учун ушбу шарафга лойиқ кўрилгани маълум қилинади.

Ҳақиқатан ҳам, профессор Ж.Элтазаров кейинги ўн йилликларда Корея, Америка, Германия, Япония ва Туркия республикаси университетлари ва илмий-тадқиқот марказларида ўзбек, турк, уйғур, қозоқ тилларини ўқитиш, бу тиллар бўйича дарслик ва қўлланмалар, луғатлар ва сўзлашгичлар яратишда ҳамда туркий тиллар ва маданиятларни дунёга оммалаштиришда катта хизматларни амалга оширди. Жумладан, олим биринчи марта “Япон университетлари учун ўзбек тили дарслиги” (2009, 2010), “Ўзбекча-японча сўзлашгич” (2013), “Япон университетлари учун “Ўзбекча ўқиш китоби” (2013), турк университетлари учун “Ўзбекчани ўрганамиз” (2010) дарслигини ёзиб нашр эттирган эди. Ўзбекистонда олимнинг ўзбек тили тарихи, ўзбек тили грамматик қурилиши масалалари, ўзбек ёзуви ва имлоси тарихи масалаларига бағишланган 10 дан ортиқ монографиялари ва “Қадимги туркий тил” дарслиги чоп этилган.

–“Турк тили жамиятига” мухбир этиб сайланганим – менинг учун жуда фахрлидир ҳамда 2020 йилда эришган ушбу муваффақиятимни бизни талабаликдан шу даражаларга етказган университетим – СамДУнинг 600 йиллигига бағишлайман”, дейди олим. – Турк тили жамияти билан ҳамкорлигимиз давом этади ва ўзбек шевалари лексикасига доир тадқиқотларимиз якунини Турк тили жамияти билан бирга амалга оширамиз ва уни қардош ўлка пойтахтида турк тилида эълон қиламиз.

Назмия МУҲИДДИНОВА,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори,
СамДУ ўзбек мумтоз адабиёти тарихи кафедраси доценти.