Самарқандлик тадбиркор ва туризм соҳаси вакиллари хитойлик ишбилармонлар билан янги лойиҳалар имзолади
Шу кунларда Самарқанд вилояти ва бир қатор туман ҳокимлиги вакиллари, бошқармалар бошлиқлари, туризм соҳаси вакилларидан иборат делегация Хитой давлатида бўлиб турибди.
Иқтисодий, маданий ва сайёҳлик соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилган ташрифда делегация аъзолари дастлаб 3100 йилдан ортиқ тарихга бориб тақаладиган Циан шаҳрида бўлишди. Таъкидлаш лозимки, Буюк ипак йўли минг йилдан кўпроқ вақт давомида Хитойдаги қадимий қироллик пойтахти бўлиб қолган Циан шаҳридан бошланган.
Вилоят туризм соҳаси вакиллари VII асрдаги Даминг саройининг асл дарвозаси харобалари сақланиб қолган Данфенг дарвозаси тарихий музейида бўлди ва ўзаро тажриба алмашди. Ушбу музейда Самарқанд вилоятининг туристик салоҳиятини кенг ёритиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, Циандаги «Silk Road Happy World» халқаро маданий алоқалар ва алмашинувлар боғи раҳбарияти билан ўтказилган музокаралар чоғида ушбу боғда Самарқанд шаҳрининг маданият ва туризм секторини очиш ташаббуси қўллаб-қувватланди. Сичуан вилояти ташқи ишлар департаментида эса Сичуан ва Самарқанд вилоятлари ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик бўйича симпозиум бўлиб ўтди.
Чжанцзякоу шаҳрининг электр тармоғи раҳбари ҳамроҳлигида «Zhangjiakou» қуёш электр станцияси корхонасига қилинган ташрифда Иштихон тумани ҳокимлиги вакиллари компаниянинг ишлаб чиқариш фаолиятига алоҳида қизиқиш билан танишди. Учрашув давомида туман ҳокими Фазлиддин Рўзиев «Zhangjiakou» компаниясининг бош менежери Ду Ҳуайи билан Иштихонда сифатли, арзон ва қулай қуёш электр станцияси қурилиши билан боғлиқ бир қатор ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.