Самарқандлик талаба электрон қурилмаларни бошқарадиган микроконтроллер яратмоқчи

IТ ва робототехника соҳасида бир нечта стартап лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб, вилоят, республика ва халқаро танловлар ғолиби бўлган Достон Ишанов Каттақўрғон шаҳрида туғилган.

20 ёшли мутахассис ахборот технологиялари, робототехника, мехатроника, схемотехника, дастурлаш ва 3D моделлаштириш йўналишларида “Alko tester”, “Yuqori texnologiyalar muzeyi”, “Utility SS99 robot”, “Aqlli hassa”, “Arm Robot”, “Gaz detektori”, “Gid robot”, “Robot lab”, “Suvosti roboti”, “I.B.K uz”, “Women Union каби янги стартап лойиҳаларни яратиб, жамоаси билан улар устида ишламоқда.

Достон билан ўтган йил суҳбатлашганимизда IТ соҳасида янги дастурлар ва роботехниканинг яратилмаган типларини ихтиро қилишни мақсад қилганини айтган эди. Айни пайтда Хитойдаги WUXI университетининг учинчи босқичида таҳсил олаётган юртдошимиз хориждаги ҳаёт, ўқиши ва фаолиятидаги янгиликлар ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди.

-  Олти йилдан буён IT ва робототехника соҳасида фаолият олиб бораман, - дейди Достон. – Айни пайтда WUXI университетида компьютер фанлари технологияси (Compyuter Science Technology) йўналишида грант асосида ўқияпман. Дастлаб ўқишни масофадан бошлаган бўлсам, энди шу ерда давом эттиряпман. Хитойга келганимда мени янги дунё қарши олди, десам муболаға бўлмайди. Сабаби, бу ерда барча нарсалар электронлашиб кетган. Ҳатто уй эшигини очиш учун ҳам телефон ёки гаджетлардан фойдаланилади, камдан кам ҳолларда нақд пул ишлатилади.

Хитой бой тарихи, мазали таомлари, турли байрам ва урф-одатлари билан ҳам ҳайратда қолдиради. Масалан, бу ердаги тўйларда ҳам қалин пули бор, лекин базмлар жуда оддий, исрофгарчиликсиз ва кўркамгина ўтади. Айниқса, миллий байрамлар: Хитой янги йили, қабр артиш куни, драгон боат фестивали менга жуда ёқди. Одамлари меҳрибон, шаҳарлари гўзал ва ривожланган...

Бу ерда дунёнинг деярли барча давлатидан таълим олаётган талабалар топилади. Сабаби, бу ерда яшаш арзонроқ ва халқаро талабалар учун жуда кўп имконятлар ва грантлар бор. Таълим олиш тизими жуда мураккаб, яъни яхши тарафдан.  Талабалар ҳар куни дарс тайёрлашади, талабалар ўртасида рақобат жуда юқори. Ҳар бир дарсда янги нимадир инновация бўлади ва баҳс-мунозара тарзида таҳлил қилинади.

Мен ўқиётган унверситетда ҳам барча шароитлар яратилган.  Жумладан, робототехника лабораторияси, спорт майдончалари, компьютер хоналари, биология, кимё, физика лабораториялари, ноодатий кўринишдаги тўққиз қаватли кутубхона талабалар ихтиёрида. Хорижлик талабалар учун алоҳида замонавий ётоқхоналар мавжуд. Ётоқхонада марокашлик ва америкалик хонадошларим билан тураман.

Фаолиятимга келсак, электрон қурилмаларда бўладиган микроконтроллерларнинг янги турини ишлаб чиқариш ва унга дастур киритиш буйича иш олиб боряпман. Микроконтроллер электрон қурилмаларни бошқаришга мўлжалланган микросхема бўлиб, дунёнинг 75 фоиз микроконтроллерлари Хитойда ишлаб чиқарилади. Бу қурилма компьютер ва роботларнинг ишлашини таъминлайди. Бошқача айтганда, электрон қурилмаларнинг мияси ҳисобланади. Мана шундай қурилманинг янги турини яратиб, Ўзбекистонда ҳам илк бор жорий қилиш ниятим бор.

Микроконтроллернинг эски тури Хитой ва Тайванда кўп ишлаб чиқарилган. Бу қурилмаларнинг асосий камчилиги дастурий маълумотни қайта юклашида бўлиб, маълумотлар ўчиб кетиши ёки қисман юкланиши мумкин. Ўйлаб кўринг, дунёда кўплаб катта компания ва корхоналар бор. Агар уларнинг фаолиятига доир муҳим маълумотлар ўчиб кетса ёки тикланмаса, касодга учраши ва жуда кўп зарар кўриши мумкин. Электрон қурилмаларда микроконтроллерларнинг янги тури яратилиб, қўшимча дастур киритилса, бу каби муаммоларга ўрин қолмайди.

Ф.РЎЗИБОЕВ.