Самарқандлик ёш тадбиркорнинг “Эко дарахт” лойиҳаси халқаро танловда ғолиб бўлди

Ёш ихтирочи Бобуржон Астанов ўзининг "Эко дарахт" лойиҳаси билан "Green Spark" танловида иштирок этиб, ғолиб бўлди. Марказий Осиё ёшлари ўртасида ўтказилган мазкур танловнинг финал босқичи Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида бўлиб ўтди. Ундан кўзланган мақсад ёшлар орасида экологик ва технологик ғояларни ривожлантиришга қаратилган.
Ғолибларга 28 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пули ажратилган бўлиб, бу маблағнинг 3 минг доллари вилоятимиз шаънини ҳимоя қилган Бобуржон Астановга насиб этди.
- "Эко дарахт" шаҳар экологиясини яхшилаш ва атроф-муҳитга зарар етказмасдан инновацион технологияларни жорий этишга қаратилгандир, - дейди у. - Лойиҳа ҳавони тозаловчи, атмосфера мониторингини олиб борувчи ҳамда энергия манбаларини оптималлаштирувчи ақлли сунъий дарахтлар тизимини яратишни назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, Бобуржон Астонов бундан ташқари "ақлли ўриндиқ" ва "ақлли бекат" лойиҳаларини ҳам ишлаб чиққан.
Тоҳиржон Анваров.