Самарқандлик зиёратчилар муқаддас сафарга йўл олди
Аллоҳ таолога беадад шукурлар бўлсинки, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мўмин-мусулмонларга яратилаётган кенг имкониятлар натижасида ҳар йили минглаб ҳамюртларимиз исломнинг бешинчи аркони бўлмиш муқаддас ҳаж амалини адо этиш бахтига муяссар бўлмоқдалар.
Шу кунларда Самарқанд заминида ўзгача бир шукуҳ, ўзгача бир файз ва илоҳий нур ҳукмрон. Куни кеча кўзларида қувонч ёши, қалбларида Аллоҳнинг байтига бўлган чексиз соғинч ва эҳтиром билан самарқандлик зиёратчиларимизнинг дастлабки гуруҳлари муқаддас Мадинаи мунаввара сари йўлга чиқдилар. Самарқанд халқаро аэропортида бўлиб ўтган тантанали кузатиш маросимида нафақат зиёратчилар, балки уларнинг яқинлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, бу хайрли сафарнинг нақадар аҳамиятли эканини яна бир бор ҳис қилдилар.

Эрталаб “Самарқанд-Мадина” йўналиши бўйича парвоз қилган биринчи авиарейс билан 360 нафар, куннинг иккинчи ярмида эса яна 180 нафар, жами 540 нафар ҳамюртимиз муборак заминга йўл олдилар. Бу шунчаки оддий сафар эмас, балки инсон руҳиятининг покланиши, нафс тарбияси ва Яратганнинг ризолигини излаб қилинаётган буюк бир ибодатдир. Зеро, Аллоҳ "Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир” ("Оли Имрон" сураси, 97-оят) дея қодир бўлган мусулмон учун умрида бир марта ҳаж қилишни фарз қилди.
Жорий "Ҳаж-2026" мавсумида вилоятимиздан жами 940 нафар фуқаро муқаддас зиёратга бориши белгиланган бўлиб, уларнинг хавфсиз ва қулай шароитларда ибодат қилишлари учун давлатимиз томонидан барча имкониятлар сафарбар этилган.
Зиёратчиларимиз учун тўғридан-тўғри авиарейслар ташкил этилгани, малакали тиббиёт ходимлари ва тажрибали ишчи гуруҳларининг бириктирилгани юртимизда инсон қадри нақадар баланд эканидан далолат беради. Маросим давомида отахон ва онахонларимиз билан суҳбатлашганимизда, уларнинг дуога очилган қўлларида фақат эзгу тилаклар, қалбларида эса шукроналик туйғулари барқ урганига гувоҳ бўлдик. Улар муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларида, Каъбатуллоҳ қаршисида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаи мутаҳҳараларида туриб, аввало, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва фарзандларимиз камоли учун дуо қилишларини изҳор этдилар. Зеро, ҳаж — бу дуолар ижобат бўладиган, қалблар эрийдиган ва бутун дунё мусулмонлари бирдамликда Яратганга муножот қиладиган улуғ маскандир. Биз сафарга отланаётган азиз ҳамюртларимизга Аллоҳнинг меҳмони бўлишдек юксак шарафга муносиб бўлиб, сафар давомида сабр-тоқатли ва хушмуомала бўлишни, ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, ибодатга бағишлашни тайинладик.

Мана, кеча хабар қилишди: “Ҳаж – 2026” ишчи гуруҳи раҳбари – Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний ҳамда маҳаллий мутасаддилар САудия Арабистонининг Мино ва Арафот водийларида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Таъкидлашларича, ушбу муборак масканлардаги зиёратчилар учун яратилган шароитлар, қулайликлар ва инфратузилмалар ўтган йилларга нисбатан бир неча баравар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган.
Жумладан, Ўзбекистон томонининг талабларига кўра, зиёратчилар ҳаж кунларида кўп вақт тоат-ибодатда бўладиган Мино водийсидаги чодирлар тўлиқ гипсокартон билан ўралди, ҳар бирига замонавий фреонли кондиционер ўрнатилди ва юклар учун алоҳида токчалар қилинган. Янги чодирлар гиламлар, юмшоқ ўринлар, ёстиқ-чойшаблар, коммунал хизматлар билан таъминланган ва икки қаватли қўшимча ювиниш хоналари ҳам қурилган. Аввалги чодирлар матоси ва марказлашган совутиш тизими жазирама кунларда етарли ҳароратни сақлолмас эди.
Арафот ҳудудидаги ҳар бир чодир иссиқ ўтказмайдиган замонавий сендвич панеллар билан тўлиқ ўралган ва ёруғлик учун ойналар ўрнатилган. Мазкурларда тўшак, ёстиқ-чойшаблар ва ҳар бир ҳожи учун соябон, санитария-гигиена воситалари жамланмаси тайёрлаб қўйилган. Шунингдек, мазкур ҳудудларда уч маҳал иссиқ овқат тарқатиш, мунтазам чой ва салқин ичимликлар билан таъминлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш учун ҳам барча шароитлар ҳозирланган.
Ҳожилар чодирларда вақтларини ғанимат билиб кўпроқ тоат-ибодатда бўлишлари учун таниқли уламоларнинг суҳбатлари, машҳур қориларнинг қироатларини етказиш мақсадида микрофон ва овоз кучайтиргичлар билан етарли даражада таъминланган.
Бугун Самарқанд вилояти вакиллиги номидан барча зиёратчиларимизга сафарлари бехатар бўлишини, ибодатлари нуқсонсиз адо этилиб, Ватанимизга соғ-саломат, маънавий юксалган ҳолда қайтиб келишларини тилаймиз. Илоҳим, уларнинг ҳажлари мабрур, дуолари мустажоб бўлиб, юртимизга Аллоҳ таолонинг инояти ила файзу барака олиб келсинлар. Бундай муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш иштиёқида бўлган барча юртдошларимизга ҳам шундай улуғ кунлар насиб этишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.
Аҳмадхон Алимов,
вилоят бош имом хатиби.