Самарқандликлар фарзандларига кўпроқ қандай исм қўймоқда?

Фарзандингизга қандай исм қўяяпсиз, қайси исмлар ота-оналарга кўпроқ маъқул келяпти, мазмунидаги саволларга жавоб излаб, "Зарафшон" газетасининг аввалги йиллардаги сонларида ҳам доимий равишда мақолалар эълон қилиб борилган.

Ўтган йиллар давомида чоп этилган мақолаларда аҳоли орасида хорижий телесериаллар қаҳрамонларию, машҳур киноюлдузларнинг исмини қўйиш урфга айланганлигини ёзгандик. Ошин, Ишани, Анжелина каби исмлар шулар жумласидандир. Яқинда футбол фанати бўлган оталардан бири ҳам фарзандига Месси деб исм қўйибди. ФҲДЁ бўлими ходимларининг тушунтириш ва бошқа таклифларига қарамай, чақалоқдан буюк футболчи чиқишини ният қилган отанинг айтгани бўлди.

- Аммо бундай ҳолатлар илгаригига қараганда кескин камайган, - дейди Каттақўрғон шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси Ситора Рашидова. – Кейинги пайтда қизларга Муслима, Мўмина, Имона, Солиҳа, ўғил болаларга Абдуллоҳ, Муҳаммад, Мустафо  каби исмларни қўйиш кўпаймоқда. Ота-оналарда исломий исмларга қизиқиш катта бўлмоқда.

- Самарқанд шаҳрида ҳам фарзандларига ислом дини аҳкомлари билан боғлиқ исмлар қўйилиши урфга айланган, - дейди Самарқанд шаҳридаги 3-сон ФҲДЁ бўлими мудираси Инобат Бобоқулова. - Бу жуда катта фоизни ташкил этади. Илгаригидек турли сериаллар, баъзида ҳатто машиналар номини қўймоқчи бўлган ота-оналар камайган. Аксинча, улар орасида фарзандига қўйилаётган исмнинг маъносини билишга қизиққанлар кўпроқ. Бўлимимизда ўзбек исмлари рўйхати жамланган бир нечта китоблар мавжуд. Иккиланган ёки қаердадир эшитиб қолган исмларни қўйишга ҳаракат қилган ота-оналарга шу китобни кўрсатиб, ундан исм танлашларини тавсия қиламиз.

Исмлар ҳам ҳар бир даврда ўзига хос тарзда урфга айланаётганини кузатиш мумкин. Дейлик, бундан 20-30 йил аввалги Гулнора, Гулчеҳра, Сабоҳат, Ботир, Ўктам, Ориф, Одил каби исмлар бугун кам учрамоқда.

Фарангиз ХУДОЁРОВА.