Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандликларга йил якунига қадар 2270 гектар ер ижарага берилади

Бу ҳақда вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг шу йил 15 сентябрда қабул қилинган қарорида белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 10 сентябрдаги “Деҳқон хўжаликларни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган қарорга кўра, жорий йил якунига қадар қўшимча 2270 гектар, 2023 йилда эса 7586 гектар экин майдонлари очиқ ва шаффофликни таъминлаган ҳолда деҳқончилик кўникмаларига эга бўлган, шу жумладан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳолига ижарага берилади.

Сув таъминоти яхши бўлган ерлар камида 0,30 гектарга ҳамда кам сувли ерларда камида 0,5 гектарга тенг бўлган ҳажмларда лотларга ажратилиб, очиқ электрон танловга қўйилади.

Мазкур майдонларга Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги тавсиясига асосан, ҳудудлар эҳтиёжлари учун зарур бўлган ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экилади. Бунда, сабзавот, полиз, дуккакли, мойли ва картошка экинларини интенсив усулда экишга алоҳида эътибор қаратилади.

Етиштирилган тайёр маҳсулотни харид қилиш, уни қайта ишлаш, сақлаш, ички ва ташқи бозорларга йўналтиришга агросаноат кластерлари, тайёрлов, қайта ишлаш ва экспорт қилувчи корхоналар жалб қилинади.

Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2022 йил бошида вилоятда 6303 гектар ер майдони фуқароларга ижара ҳуқуқи асосида ажратиб берилганди.