Самарқанднинг шамол ресурслари харитасини тузган олим

Аҳоли сонининг кўпайиб бориши билан ер шари бўйича ҳам, алоҳида давлатлар ва ҳудудлар бўйича ҳам инсоннинг табиатга таъсири йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Шу сабабли ҳам турли ҳудудларда экологик вазият кескинлашиб аҳоли учун ноқулай шароитлар пайдо бўлмоқда.

Шу каби экологик муаммолар Самарқанд давлат университети, география факультетида фаолият олиб борган, география фанлари доктори, профессор Арзимурод Раҳматуллаев томонидан жуда узоқ ўрганилган ва аниқ таклифлар киритилган. Устозимизнинг амалга оширган ишлари, изланишлари натижаси ҳақида жуда кўп фикр билдириш мумкин.

Арзимурод Раҳматуллаев 1943 йилда Навоий вилояти, Нурота тумани Қадоқ қишлоғида таваллуд топди. Самарқанд давлат университети география факультетида таҳсил олди. 1968 йилда Москва давлат университетига аспирантурага ўқишга кирди. У ерда илмий раҳбари, профессор Николай Солнцевнинг маслаҳатлари билан ўз даврининг долзарб мавзусида номзодлик диссертацияси ёзди ва уни муваффақиятли ҳимоя қилди.

Сўнгра қадрдон университетига келиб, кафедра мудири, декан лавозимларида ишлади. Бу вақтда география факультети билан Европа иттифоқининг TASIS-TEMPUS  дастурида шаҳар қурилиши ва туризм  соҳалари бўйича Бельгия, Италия давлатлари ўртасида илмий алоқалар ўрнатилди ва факультет ходимларидан 15 киши Бельгияда малака ошириб келди. А.Рахматуллаев табиий географиянинг қатор муаммоли масалалари билан шуғулланди ва 3 та монография ва 280 дан ортиқ илмий мақолалар чоп эттирди. Домла билимга интилувчан талабалар билан ишлашни яхши кўрарди. Шогирдларидан 4 нафари Беруний ва Улуғбек номидаги давлат стипендияси совриндори бўлган.

А.Раҳматуллаев ”Тоғ геосистемаларида чўлланиш жараёнини таянч-экспериментал участкаларда ўрганиш ва карталаштириш” мавзусида фундаментал давлат лойиҳасига ва шулар қатори бир нечта амалий, фундаментал грантларга раҳбарлик қилди.

Домланинг муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш масалалари билан шуғуллангани алоҳида эътирофга лойиқ. “Самарқанд вилоятининг шамол энергия ресурслари ва уларни карталаштириш” номли китобида Самарқанддаги электр энергия берадиган шамол ресурслари хариталари тузилган ва шамолдан электр энергия олишда истиқболли жойлар кўрсатилган. Шулардан бири Ғўбдин тоғининг шарқий чекка қисми ва “юқори нуқта” ўртасидаги жойлар бўлиб, у ҳудудда йиллик ўртача шамол тезлиги 4,0-5,0 м/с ни ташкил қилади. Бу ҳудуднинг Эшмонтўп қишлоғида 2014 йилда ўрнатилган шамол ўлчагич асбоби (Анеморумбометр) ҳозирга қадар ишлаб турибди.

Иккинчи шамол ўлчагич асбоби 2015 йил август ойида Самарқанд давлат университетининг 9 қаватли бино томига, 40 метр баландликка ўрнатилган. Бундан мақсад шамолга тўсиқлар ( бино, дарахтлар) бўлмаган баландликда шамол тезлиги Самарқанд шаҳар метеорологик станциясидан  (дарахт ва бинолар билан ўралган ва шамол тезлиги 10 метр баландликда ўлчанади) фарқини аниқлаш эди. Шамол тезлиги 40 метр баландликда 10 метр баландликка нисбатан 2,0-2,5 марта ортиқ фарқ қилишлиги аниқланди. Бундан хулоса сифатида шаҳар ва қишлоқларда ҳам шамол генераторлари шамолга тўсиқсиз баландликларда (30-40 м) қурилса соатига 3,5-4,0 квт/соат электр энергия олиш мумкинлигини ўлчаш ишлари билан исботланди.

 «Шамол энергияси экологик тоза, тугамайдиган энергия манбаи бўлиб, Европа давлатлари, Хитой, АҚШда унинг нархи кўмирдан олинадиган энергияга нисбатан анча арзон. Шу сабабли ҳам шамол ва қуёш энергияларидан фойдаланишнинг Ўзбекистон шароитида истиқболи катта. Халқ хўжалигининг ҳамма соҳасида табиий ресурслардан тўғри фойдаланиш, табиатга таъсир бўйича меъёр қонунига амал қилинса, антропоген юкнинг табиатга босимини меъёр даражасидан оширсак, дунё бўйича ҳам, давлатлар бўйича ҳам экологик барқарорлик шаклланади. Бунинг натижасида келажак авлодларга тоза табиатни сақлаш ва етказиш деб аталадиган муқаддас мажбуриятимизни бажарган бўламиз», деб таъкидлар эди домла.

Арзимурод Раҳматуллаев 2020 йил 11 декабрь куни вафот этди. Устознинг ёрқин хотираси барчамизнинг қалбимизда абадий сақланади, у кишининг илмий изланишлари шогирдлари томонидан давом эттирилмоқда.

Самарқанд давлат университети гидрометеорология кафедраси жамоаси.