Самарқанднинг яна бир хиёбони янгиланмоқда (фото)

Гап Самарқанд шаҳридаги Сўғдиёна массивида жойлашган «Сўғдиёна» хиёбони ҳақида бормоқда. Айни кунларда бу ерда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

– Лойиҳага кўра, ушбу хиёбон ҳадемай кўркам кўриниш касб этади, – дейди «Самарқанд тонг шаббодаси» корхонаси бошлиғи Фазлиддин Амонуллаев.  – Бу ерда иккита фаввора, сайргоҳ, болалар ўйин майдони, енгил жисмоний машқлар бажариш учун спорт йўлаги (стол тенниси, скейтборд, югуриш ҳамда велойўлак) ташкил этилади. Шунингдек, хиёбон уч ҳудудга - "Тинч", "Болалар", "Ёшлар" ҳудудига ажратилган. Бу ишларни бажаришга киришганимизга бир ярим ой бўлди. Айни пайтда малакали қурувчиларимиз хиёбоннинг 800 метр узунликдаги сайр қиладиган йўлагига йўлакбоп плиткаларни термоқда. Шунингдек, қолган иккита йўлакларга тош ётқизилиб, яшил майсазор жойи тайёрланмоқда. Бир вақтнинг ўзида ҳудудга сув сепиш учун ер остига полиэтилен трубалар ўрнатиш ишларини бажаряпмиз.

Келгусида хиёбонда дам олувчилар учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилади. Музқаймоқ ва салқин ичимликлар савдо қилинадиган павильон қурилади.

Замонавий кўринишдаги маскан нафақат шаҳарда яшовчиларга, балки Самарқандга келадиган хорижлик меҳмонлар учун ҳам кўркам дам олиш жойига айланади.

Бахтиёр Мустанов.