Самарқанднинг яна икки туманига Хитой тажрибаси татбиқ этилади
Хитойнинг Шандун провинцияси партия қўмитаси котиби Лин У бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва жаноб Лин У ҳамда икки томон вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.
- Ўзбекистон-Хитой ўртасида амалга оширилаётган ҳамкорлик фонида Самарқанд вилоятининг Хитой провинциялари билан алоқалари тобора юксалиб бормоқда, - деди вилоят ҳокими Э. Турдимов. - Чунки, Самарқанднинг Чин юрти билан алоқалари тарихий асосга эга. Бу бугунги кундаги ўзаро ҳамкорлигимизнинг кенгайишига хизмат қилмоқда ва бундан кейин ҳам шу тарзда давом этишига ишонаман. Бунинг учун аниқ режа асосида йўл харитаси тузиб, масъулларни бириктириб, бандма-банд иш олиб борсак, икки томон учун бу манфаатли бўлади.
Шандун провинцияси партия қўмитаси котиби Лин У ҳам ўз навбатида Шандун ва Самарқанд ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ташрифдан кўзланган асосий мақсад эканлигини таъкидлади. Биргаликда ҳамкорлик йўналишларини аниқ белгилаб олган ҳолда истиқболли режалар асосида иш олиб боришни таклиф қилди.
- Биз Самарқанд билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз,- деди жаноб Лин У. - Шу боис, аниқ режа асосида иш бошласак, мақсадимизга тез ва юқори натижалар билан эришамиз. Бунда албатта, ўзаро ишонч муҳим. Бизга аниқ таклифлар билдирилса, ўз тажрибамизни бу ерда ҳам қўллаб юксак марраларни забт этамиз, деган умиддаман.
Учрашувда томонлар ҳамкорликни амалга ошириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларни билдиришди.
Жумладан, Эркинжон Турдимов Шандуннинг камбағалликни қисқартириш, саноатни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш, металлургия бўйича бой тажрибасини вилоятда қўллаш, хусусан Нарпай ва Пахтачи туманларига шандунлик ишбилармонларни жалб этишни таклиф қилди. Бунинг учун ушбу ҳудудларда ҳар томонлама шарт-шароит мавжудлиги, келгусида ҳам қонун доирасида имкониятлар яратилиши маълум қилинди. Жаноб Лин У ҳам бу борада ўз фикрларини билдириб, улар рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, саноат ва коммунал соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ таклифларни амалга оширишга тайёрлигини таъкидлади.
Томонлар учрашув давомида таклиф ва мулоҳазалар асосида аниқ режаларни тузиш, уларни амалга ошириш бўйича масъул ходимларига топшириқларни беришди.
Учрашувдан сўнг жаноб Лин У бошчилигидаги делегация Эркинжон Турдимов ҳамроҳлигида Ипак йўли халқаро туризм марказида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Шандун провинцияси делегациясининг ташрифи давом этмоқда.