Самарқанднинг янги ҳокими ҳақида нималар маълум?

Эркинжон Турдимов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Самарқанд вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди ва Ҳисоб палатаси раиси лавозимида ишлаб келган Адиз Бобоев Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

У 1972 йилда Бухоро вилоятида туғилган, маълумоти олий. 1993 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаб, 2008 йилда ушбу университет аспирантураси илмий тадқиқотчиси сифатида таҳсил олган.

Бухоро вилояти молия бошқармасида 1-тоифали иқтисодчи, монополияга қарши ва нарх сиёсати бўлими етакчи иқтисодчиси бўлиб, кейинчалик бошқа лавозимларда ишлаган (1993−2007).

Шунингдек, Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси Ижроия бошқармаси даромадларни прогнозлаш бошқармаси бошлиғи (2008−2010), Давлат бюджети бош бошқармасининг жамланма бюджет даромадларини режалаштириш ва таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари (2010−2012) ва Молия вазирлиги тузилмасидаги бошқа лавозимларда ишлаган. Хусусан, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Адиз Бобоев жорий йил бошидан бери Ҳисоб палатаси раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.