Монополияга қарши курашиш бўйича тажриба алмашилди

Самарқанд шаҳрида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатларнинг монополияга қарши сиёсат бўйича давлатлараро кенгашининг 57-мажлиси ҳамда монополияга қарши қонунчилик талабларини бузилиши ҳолатларини биргаликда бартараф этиш бўйича штабнинг 43-йиғилиши ўтказилмоқда.

Унда Ўзбекистон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон делегациялари қатнашмоқда.
Дастлаб МДҲга аъзо давлатларнинг монополияга қарши қонунчилик талабларини бузилиши ҳолатларини биргаликда бартараф этиш бўйича штабнинг 43-йиғилиши бўлиб ўтди.
Иштирокчилар МДҲ мамлакатларининг монополияга қарши қонунчилигининг ҳозирги ҳолатини таҳлил қилдилар.

Йиғилишда монополияга қарши қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш бўйича замонавий ёндашувлар, жумладан, рақобат соҳасидаги қоидабузарликлардан жабрланганларнинг фуқаролик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва нархларни давлат томонидан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий жиҳатлар, маркетплейс платформаларининг шаффофлигини ошириш ва антимонопол комплаенс тизимларини жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Халилулла Тўрахўжаев МДҲга аъзо давлатлар монополияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.