Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Украина бўйича музокараларни бошлаш шартлари айтилди. АҚШда ОИВга қарши юқори самарали дори аниқланди

🔹 АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трампнинг вазирликка номзодларидан бир нечтасига ўлим билан таҳдид қилишди. Бу ҳақда Трамп сайловолди ташвиқоти матбуот котиби Керолин Левит хабар берган.

🔹 Агар АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари Россия президенти Владимир Путиннинг 14 июнь куни ТИВ раҳбарияти билан учрашувда билдирган таклифи (Украина қўшинларининг Россиянинг янги ҳудудларидан олиб чиқилиши ва Киевнинг НАТОга қўшилишни рад этиши)га муқобил йўқлигини тан олса, Россия Украина бўйича музокараларни бошлашга тайёр. Бу шартни Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Сергей Рябков айтган.

🔹 Европарламент аъзолари Европа комиссиясига Украинани 2027 йилдан кейинги даврни қамраб олувчи янги узоқ муддатли молиялаштириш режасини ишлаб чиқиш таклифи билан мурожаат қилмоқчи.

🔹 Францияда яқинда ўтган парламент сайловлари ва янги ҳукумат тузилиши туфайли сиёсий инқироз давом этмоқда. Ўтказилган сўровларга кўра, Макроннинг маъқуллаш рейтинги атиги 18 фоизни ташкил этади.

🔹 Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (ОДКБ) аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Мудофаа вазирлари кенгаши ва хавфсизлик кенгашлари котибларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

🔹 Вирусга қарши «Ленакапавир» препарати ҳар олти ойда бир марта танага киритилганда одамда ОИВ инфекциясининг 96-99 фоиз олди олинади. АҚШда ўтказилган клиник синовлардан сўнг шундай хулосага келинган.

🔹 Жо Байден Исроилга 680 миллион долларлик қурол сотилганини тасдиқлади.

🔹 Жанубий Корея Украинага қурол сотишдан бош тортди, чунки мамлакат қонунчилиги зиддиятлар мавжуд мамлакатларга қурол экспорт қилишни тақиқлайди. Сеул Киевнинг Чеонгун ҳаво мудофаа тизими, 155 мм снарядлар ва радар станцияларини сотиш ҳақидаги илтимосини рад этди. Аммо мамлакат ҳукумати Украинага ёрдам кўрсатиш йўллари устида ишламоқда дейилади ОАВда.

🔹 Грузия парламенти ҳукуматнинг янгиланган таркибини бир овоздан маъқуллади. Ираклий Кобахидзе Грузия бош вазири этиб қайта тайинланди. Аммо Парламентнинг қонунийлигини мухолифат партиялари ва президент Саломе Зурабишвили тан олмайди.

🔹 Японияда Panasonic корпорацияси асосчиси Коносуке Мацушитанинг тафаккурини кўчирадиган сунъий интеллект яратилди. 1989 йилда 94 ёшида вафот этган Мацушита ўзининг ажойиб тадбиркорлик қобилияти учун “бошқарув маъбуди” деб аталган. Сунъий интеллект Мацушитанинг аудио ёзувлари, хатлари ва нутқлари бўйича ўқитилди. Энди у афсонавий тадбиркорнинг фикрлаш тарзига тўлиқ тақлид қила олади.

🔹 Исроил ҳукумати Халқаро жиноий суднинг бош вазир Бенямин Нетаняху ва собиқ мудофаа вазири Ёав Галантни ҳибсга олишга ордер берган қарори устидан шикоят қилмоқчи.

🔹 Доналд Трамп Мета корпорацияси раҳбари Марк Цукерберг билан учрашди. Цукерберг Доналд Трамп бошчилигидаги ислоҳотлар ҳаракати ҳақида ижобий фикр билдирди. Аввалроқ Цукерберг Трампни Facebook ва Instagram платформаларида блоклаган эди.