Самарқанднинг янги, юқори сифатга эга қурилиш материаллари халқаро кўргазмага қўйилди
Жомбой туманидаги “SOF EXPO SAMARKAND” мажмуасида “Қурилиш техникалари, технологиялари ва материаллари саноат ярмаркаси - “Build Pro Expo 2022” кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Унда вилоятимизда фаолият юритаётган қурилиш корхоналари раҳбар ва мутахассислари, қурилиш ишларига буюртмачи ташкилотлар вакиллари, соҳада изланиш олиб бораётган олимлар, тадқиқотчилар ҳамда маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар иштирок этмоқда.
- Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларига бўлган талаб йилдан-йилга ортмоқда, - дейди “Saturn stainless” масъулияти чекланган жамияти маркетинг бўлими бошлиғи Нодир Турсунов. – Хусусан, биз тайёрлаётган рақобатбардош темир ва зангламас металл маҳсулотларига ҳам харидорлар талай. Айни пайтда корхонамизда 70 нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. 2020 йилда 9 миллиард сўмлик, 2021 йилда эса 14 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқардик. Асосий хомашё Хитой ва Туркиядан келтирамиз. Мазкур кўргазмада ўзимизнинг 40 дан ортиқ турдаги тиббиёт, саноат маҳсулотлари, ошхона, сантехника жиҳозлари билан қатнашяпмиз. Якунда юртимиздаги бир қатор қурилиш ташкилотлари билан тайёр маҳсулот етказиб бериш юзасидан 500 миллион сўмдан ортиқ шартномалар имзолашни кўзлаб турибмиз.
Кўргазмада 100 га яқин тадбиркорлик субъектлари томонидан 500 дан зиёд маҳсулот тақдим этилди. Шунингдек, иштирокчилар қурилиш техникалари, конструкциялар, қурилиш материаллари, ландшафт ва кўкаламлаштириш, архитектура ва дизайн, қурилиш соҳасидаги илмий ишланмалар ва стартаплар билан танишмоқда.
Кўргазмада қурилиш соҳасига хизмат кўрсатадиган ўқув курслар, банк ва лизинг муассасалари ходимлари ҳам иштирок этиб, ишлаб чиқарувчи ва қурилиш соҳасига хизмат кўрсатувчи тадбиркорлар билан ҳамкорликда ишлаш бўйича шартномалар тузди.
Ярмарка эртага ўз ишини давом эттиради.
Бахтиёр Мустанов.