СамАТИ Шинжонг Қишлоқ хўжалиги университети билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ректори, профессор Ш. Ҳасанов бошчилигидаги институт делегацияси Хитой Халқ Республикасининг Урумчи шаҳрида жойлашган Шинжонг Қишлоқ хўжалиги университетида бўлди.

Учрашувда университет раҳбарияти билан талабалар алмашинуви, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, илмий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш каби йўналишларда ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди.
Делегация аъзолари, шунингдек, Урумчида ташкил этилган “2025 Хитой – Марказий Осиё мамлакатлари саноат-таълим-тадқиқот-амалиёт интеграцияси ва ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро саммитда иштирок этди. Ушбу нуфузли анжуманда Хитой ва Марказий Осиё давлатларининг олий таълим вазирлари, университет ректорлари, етакчи олимлар ва мутахассислар қатнашди.
Бу ташриф институтнинг халқаро ҳамкорлик салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, илмий ва амалий алмашинувни ривожлантиришга хизмат қилади.