"SamAuto"да ишлаб чиқарилган электробуслар пойтахт кўчаларида синовдан ўтказилмоқда
"SamAuto" 2021-2022 йилларда электробуслар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришни режалаштирмоқда. Йўловчиларнинг ушбу турдаги транспортга талабини аниқлаш учун компания «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга синов электробусини тақдим этди.
Бугун, 19 ноябрь куни SamAuto компанияси 51-йўналиш (Юнусобод 6 квартал – Бешёғоч майдони) бўйича ҳаракатланадиган синов электробусини «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга тақдим этди.
Ушбу электробус электротранспорт ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиларидан бири BYD компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Бир марталик қувватлантириш ҳисобига 300 километр масофани босиб ўтади. Бу шаҳар автобусининг ўртача бир кунлик масофа босишига мос келади. Тўлиқ қувватлантиришни электр тармоғига юклама камроқ бўлган пайтда 3-4 соат ичида бажариш мумкин. Электробуслар хизмат кўрсатиш жиҳатидан содда, шовқинсиз ҳамда газ ва дизель транспортига қараганда кам харажат талаб қилади.
Электробуснинг узунлиги 12 метрни, йўловчиларни ташиш ҳажми — 76 кишини ташкил қилади. Унинг поли паст: зинапоялар ва подиумнинг йўқлиги туфайли йўловчилар (шу жумладан, пенсионерлар, аравачаларда ҳаракатланувчи йўловчилар, алоҳида эҳтиёжли кишилар) салон бўйича эркин ҳаракатлана олади. Шунингдек, электробус видеокузатув камераси ва автоматик ҳаво намлигини сақлаш ва иситиш тизими билан жиҳозланган.
2030 йилгача Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясига мувофиқ, Ўзбекистон ижтимоий транспортининг камида 50 фоизи зарарли моддаларни ҳавога чиқаришни камайтириш учун муқобил ёқилғи турларига ўтиши керак.