СамДТУда психиатрия, неврология, нейрохирургия масалаларига бағишланган халқаро конференция бошланди

Халқаро анжуманда Россия, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон тиббиёт олий ўқув юртлари, тиббиёт илмий-тадқиқот марказларининг етакчи мутахассислари иштирок этмоқда.

Халқаро анжуманнинг очилиш маросимида Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев, Бошқирдистон давлат тиббиёт университети ректори Валентин Павлов, Ижевск давлат тиббиёт академияси ректори Алексей Шкляев, И.Кант номидаги Болтиқбўйи федерал университети ректори Александр Федоров ва бошқа меҳмонлар халқаро форумларнинг ўзаро манфаатли томонлари, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва клиник тиббиётга назарий ишланмаларни жорий этиш борасидаги аҳамиятини таъкидлади.

Шундан сўнг Самарқанд давлат тиббиёт университети ва Самарқанд туризм маркази ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Айни пайтда халқаро конференциянинг асосий иши 5 та шуъба йиғилишларида давом этмоқда. Унда иштирокчиларни “Тиббий реабилитацияни ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари ва истиқболлари”, “Психиатрия ёрдамини ташкил этишнинг долзарб масалалари”, “Неврология: назариядан амалиётга”, “Спорт тиббиётини ривожлантиришнинг замонавий йўналишлари ва истиқболлари”, “Нейрохирургияда реабилитация: замонавий амалиёт ва ривожланиш истиқболлари” масалаларга бағишланган маърузалар тингланади. Конференция иши икки кун давом этади.

СамДТУ ахборот хизмати.