СамДУ академик лицей битирувчиларининг 1 нафари олтин, 2 нафари кумуш медал, 16 нафар ўқувчи аъло даражадаги диплом билан тақдирланди

Бугун СамДУ академик лицейи битирувчи ўқувчиларининг диплом топшириш тадбири бўлиб ўтди.

- 2024-2025 ўқув йилида академик лицейни 202 нафар ўқувчи битиряпти, - деди академик лицей директори Азамат Умаров. – Битирувчиларнинг 83,2 фоизи миллий ва халқаро даражадаги хорижий тил ҳамда умумтаълим фанларидан сертификатларни қўлга киритди. Шунингдек, жорий йилда академик лицей ўқувчилари миллий ва халқаро даражадаги хорижий тил ҳамда умумтаълим фанларидан жами 306 та сертификатга эга бўлди. Уч нафар талаба – Маржона Райимқулова, Маржона Қаҳҳорова, Севинч Шералиевалар учта фандан сертификатни қўлга киритди.
Академик лицейда ўқувчиларга уч йўналишда таълим-тарбия бериб келинмоқда. Жумладан, физика-математика, кимё-биология, инглиз ва немис тиллари чуқурлаштирилган махсус дастур асосида ўқитилмоқда.
Жорий йилги битирувчилардан 1 нафари олтин, 2 нафари кумуш медал соҳиби бўлди. 16 нафар ўқувчи аъло даражадаги диплом билан тақдирланди. Тадбирда ушбу ўқувчиларга диплом, совға, уларнинг ота-оналарига ташаккурномалар берилди.
- Мен бу йил академик лицейни олтин медал билан битирдим, - деди Ақсауле Асанова. – Ўқишим давомида инглиз ва рус тилларидан сертификатлар олишга эришдим. Болалигимдан таржимонлик касбига қизиқаман, шунинг учун Самарқанд давлат чет тиллар институтига ўқишга киришни режалаштиряпман.