СамДУ қошида иккита институт ва битта филиал ташкил этилади
Самарқанд давлат университетида рақамли электроника ва электротехника, тиббиёт физикаси, агробиотехнология, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида кадрлар тайёрлайдиган ва илмий тадқиқотларни амалга оширадиган “Муҳандислик физикаси” ҳамда “Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги” институтлари ташкил этилади. Бу ҳақда Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 15-16 апрель кунлари Самарқандга қилган ташрифи чоғида вилоят фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти университетнинг агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети негизида ташкил этилиб, университетга қарашли “Гулобод агротехнологиялар” техникуми ҳудуди ажратилади.
Муҳандислик физикаси институти университетнинг физика факультети негизида ташкил этилиб, Самарқанд шаҳар Сўлим қўрғонидаги университетнинг Ядро физикаси лабораторияси ҳудудида жойлаштирилади.
Шунингдек, Ургут туманининг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжларини қоплаш мақсадида Самарқанд давлат университетининг Ургут филиали ташкил этилади.