СамВМИ ректори олийгоҳнинг Нукус филиали ёшлари билан учрашди

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори, профессор Худайназар Юнусов олийгоҳнинг Нукус филиали талаба-ёшлари, профессор ўқитувчилари билан учрашди.
Шуни таъкидлаш лозимки, СамВМИ ташкил этилгандан буён институтнинг Нукус филиалига бундай ташриф биринчи бор амалга оширилмоқда. Шунинг учун ҳам мазкур учрашув филиал фаолияти билан танишишдан бошланди.
Нукус шаҳрининг А.Утепов кўчаси, 31-манзилида жойлашган мазкур таълим муассасасида айни кунда 120 нафардан зиёд қорақалпоқ ёшлари таҳсил олмоқда. Уларга 25 нафар профессор-ўқитувчилар таълим беришади.
Институт ректори учрашув давомида Нукус филиали билан ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш тўғрисида, филиал директори - биология фанлари номзоди, доцент Адилбай Есимбетов бошчилигидаги профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшларнинг таклифларини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Яъни, иккинчи семестрдан бошлаб филиал талабалари мутахассислик йўналишлари бўйича, ички алмашинув дастурига мувофиқ Самарқанд ветеринария медицинаси институтига бир ой муддатга ўқишга юборилади.
Мулоқот сўнггида Нукус филиалининг фаол талабаларига мутахассисликка оид адабиётлар, қўлланмалар ва бадиий китоблар совға қилинди.
Ташриф давомида делегация аъзолари талабалар турар-жойи, у ерда яратилган шароитлар билан танишди. Масъул мутасаддилар билан мулоқотда бўлди.
СамВМИ ахборот хизмати.