Санъатшунос олимлар халқаро анжуман якунида қандай хулосага келишди?
"Шарқ тароналари" XIII халқаро мусиқа фестивали доирасида ўтказилган “Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция якунланди.
32 та хорижий давлатдан 50 нафардан зиёд мусиқашунос, фольклоршунос ва маданиятшунос олимлар, шунингдек, нуфузли олий таълим муассасалари масъуллари ва илмий-ижодий марказлар раҳбарлари қатнашган анжуманда замонавий композиторлик ижодиёти, мусика тарихининг эволюцион босқичлари, мусикий мерос, мусиқа маданияти, миллий ва замонавий мусиқа санъатшунослиги муаммолари, бугунги кундаги ўзбек миллий мусиқа санъати тарғиботи ҳамда дунё ҳамжамияти эътиборини ўзбек мусика маданиятига жалб килишнинг инновацион усуллари мавзусидаги маърузалар тингланди.
Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа санъати институти ректори вазифасини бажарувчи, профессор Элдор Шерманов халқаро анжуман доирасида конференция материаллари тўплами тақдимоти ҳамда ўзбек мусиқа ва мақом санъати, мусиқий мерос тарихи ҳамда тадқиқига оид китоблар кўргазмаси, маҳорат дарслари, давра суҳбати ташкил этилиб, якунда резолюция қабул қилинганини маълум қилди.
Унга кўра:
- Шарқ халқлари мусиқа санъати анъаналарини асраш ва ривожлантириш, ўзбек миллий мусиқа ва мақом санъатини янада кенг тарғиб қилиш, унинг илмий амалий тамойилларини ўрганиш борасида амалга ошираётган ишлар самарадорлигини ошириш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг маданиятлараро мулоқот майдонларини янада кенгайтириш;
- туркий халқлар миллий мусиқа меросини акс эттирувчи энциклопедиясини яратиш ва электрон платформаларда жойлаштириш;
- Шарқ халқларининг миллий маданиятлар уйғунлиги ва турфа хиллигини сақлаш ва тараққий эттириш мақсадида жаҳон халқлари мусиқа санъати, ўзбек миллий ва умумбашарий қадриятлари уйғунлигини намоён этувчи номоддий маданий мероснинг энг яхши намуналарини кенг тарғиб этувчи тўпламлар яратиш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш;
- Шарқ халқлари ва жаҳон ёшларини янада яқинлаштириш мақсадида бағрикенглик, дўстлик, ҳаётсеварлик каби чин инсоний қадриятларни тараннум этадиган санъат байрамлари, адабий давралар, ижодий танловлар уюштириш, бу маънавий-маърифий тадбирларга мактаб яратган санъаткорларни таклиф қилиш, халқаро миқёсда илмий ижодий алоқалар доирасини кенгайтириш;
- ёшлар қалбида Шарқ халқлари мусиқа санъати ва миллий мусиқий меросига, миллий қадриятларга бўлган муҳаббат туйғуларини камол топтириш, тинчлик ва бирдамлик ғояларини улуғлаш мақсадида ўзаро маданий-маънавий алоқаларни янада мустаҳкамлаш;
- ҳар бир иштирокчи ЮНЕСКО номоддий маданий мерос ассоциациясининг ривожига ҳисса қўшиши ва ҳар бир мамлакат вакили маданиятнинг барча соҳалари: мусиқа, рақс, анъаналар, урф-одатлар орқали ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий мерос рўйхатини кенгайтириш ва ёш авлодга етказиш;
- 2026 йилда ўтказилиши лозим бўлган навбатдаги (XIV) конференциядан бошлаб ёш тадқиқотчилар, магистрлар ва талабалар ўртасида Шарқ халқлари мусиқий мероси, ўзбек миллий мусиқа тарихи ва тадқиқига оид "Энг яхши илмий асосланган мақола", "Энг яхши инновацион ғоя" каби номинациялар бўйича илмий мақолалар танловини ўтказиш белгилаб олинди.
Анжуман якунида иштирокчиларга сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.