Сарбозорликлар сентябрда тоза ичимлик суви билан таъминланади
Кеча, 13 март куни сайтимизда «Нарпай тумани мутасаддилари учун “топишмоқ”: Саловатда бор, Сарбозорда йўқ. У нима?» сарлавҳаси билан видеолавҳа эълон қилинган эди. Унда тумандаги Сарбозор маҳалласида ичимлик суви муаммоси мавжудлиги, аҳоли айни пайтда истеъмол қилаётган сув ичишга яроқсиз эканлиги баён қилинган.
Видеолавҳа юзасидан “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ Нарпай тумани филиалининг қуйидаги муносабатини олдик:
Ушбу маҳалла аҳолиси учун тоза ичимлик суви тармоғини тортиш дастур лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2020 йил 28 августдаги қарори билан тасдиқланган. 2021 йилда 10 километр масофага ичимлик суви тармоғини тортиш режалаштирилган. Бунинг учун 1 миллиард 100 миллион сўм маблағ ажратилган.
Бугунга қадар маҳалла аҳлига тоза ичимлик суви махсус транспортларда етказилмоқда. Шу йилнинг сентябрь ойида маҳалла аҳолиси дастур асосида тоза ичимлик суви билан таъминланади.