Сармишсой дараси ўзга сайёраликлар манзили бўлганми?

Сармишсой дараси олис тамаддундан сўзловчи бебаҳо мерос. У Навоий вилояти ҳудудидаги Қоратоғнинг ёнбағрида жойлашган табиий археологик мажмуа қўриқхонаси бўлиб, беқиёс қоятош расмларини сақлаб қолган водий.

Унда 5-7 минг йил илгари чизилган қоятош суратлари бор. Дарадаги нодир обидалар фан тилида петроглифлар дейилади ва бу очиқ осмон остидаги музейда 8 мингдан ортиқ қоятош расмлари мавжуд. Бу суратларда рақс тушаётган одамлар, ўқ-ёй, ханжар, қилич, найза тутган, дубулға кийган кишилар, ёввойи ҳайвонларни ов итлари билан овлаш, ҳайвонларнинг ўзаро уруши, чорва моллари ўзига хос тарзда, юксак маҳорат билан тасвирланган. Мураккаб образлардан эса олов ёқиш учун ўт чиқараётган одам, қўлида қуёшни кўтариб турган малаклар, чоҳга тушишдан қўрқиб, орқага тисарилаётган кийикларнинг тошдаги тасвири ҳайратингизни юз чандон оширади.

Яқинда топилган, рақс тушаётган жуфтлик образи юртимизнинг рақс тарихи 7 минг йил аввалга бориб тақалишидан гувоҳлик беради. Дарада ўзга сайёраликларнинг қиёфаси ва номаълум учар жисмлар тасвирларига ўхшаш чизмаларга ҳам дуч келасиз. Умуман, Сармишсой дараси тилсимларга бой, бунда қадим цивилизация ўчоқлари қолдиқлари тахланиб ётибдики, уларнинг жуда кам қисми ўрганилган ва ҳали археологлар «тешаси тегмаган» қисми қанча?

Воҳанинг қулай табиий шароити бу ерда одамлар палеолит давридан яшай бошлаган, деган фикрни инкор этмайди. Суратлар ўтроқлашган одамлардан, авлодлар алмашинуви жараёнида уларнинг дунёқарашидаги ўзгаришлардан, янгиликка интилиш, ихтирочилик хусусиятларининг бўй чўзиши натижасида турмуш тарзи ўзгариб борганидан далолат беради.

Қояларга бронза, темир ва тош ёрдамида схематик, контур, соя ва нақшдор услубларда расмлар туширилган. Эътиборлиси, уларнинг баъзилари ёмғир ёққанда кўринса, айримлари қуёш нури тик тушганда пайдо бўлади. Сармишсой қоятош суратлари аждодларимизнинг ниҳоятда уста рассом ва зукко бўлганлигини намойиш этади. Расмларнинг асосий қисми мазкур дарадаги сойнинг ўрта қисмида жойлашган, зич тошли 22 километр масофадаги қоятошларга ўйиб ишланган. Айнан шу жойда қадимий кўчманчи ва ўтроқ аҳолининг мозор қўрғонлари ҳам жойлашган. Бу эса одамлар ушбу ерга қадимдан ҳар хил диний маросимлар, байрамлар ўтказиш ва ибодат қилиш учун келишган, деган хулосани беради.

Сармишсойнинг одамларни ўзига оҳанрабодек тортадиган яна бир жиҳати - бу унинг мафтункор табиати. Айниқса, дара кўклам келиши билан ажиб гўзаллик касб этади. Бу ерда ўсимликларнинг 62 оилага мансуб 650 тури учрайди. Уларнинг айримлари Ўзбекистоннинг «Қизил китоби»га киритилган ноёб, эндемик ва доривор гиёҳлардир.

Дарадаги барча ёдгорликлар ўзининг табиий ва тарихий ўрнида бўлиб, асрлар давомида табиат ва инсон синовларига дош бериб келаётган мўъжизакор петроглифлар нафақат республика, балки жаҳон миқёсидаги энг сара гавҳар саналади. Сармишсой нафақат табиатнинг бебаҳо ёдгорлиги, балки инсоният цивилизацияси босқичларини ўрганувчи бетакрор манба сифатида алоҳида қийматга эга санъат галереяси. «Очиқ осмон остидаги музей»га бутун дунёдан туристларни жалб қилиш, ҳудудда экотуризмни ривожлантириш ишлари давом этмоқда.

Шуҳрат Нормуродов.