Сартарош ҳам илмли бўлсин
Илм инсонни элга танитади, обрўсини оширади, эл ичида азиз қилади. Илмга интилган халқ ҳеч нарсага зориқмайди, ҳеч кимга қарам бўлмайди. Ҳадисларда “Бешикдан қабргача илм изла”, деб бежизга айтилмаган.
Бир вақтлар Шарқ маданияти, илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган халқ бугун негадир илм олиш борасида оқсаяпти. Шу сабабли ривожланган давлатлар ҳаётига ҳавас қиляпмиз, улардаги текис, равон йўллардан тортиб, барча соҳаларда эришилган ютуқларига ҳайрат кўзи билан қараяпмиз. Нега бу нарсалар бизда йўқ, деб ўзимизга савол беряпмиз. Аммо улар тараққиётга илм билан эришганини тушуниб етмаяпмиз. Ҳатто ярим аҳолиси кўчада яшайдиган Ҳиндистонда ҳам айрим соҳалар биздан кўра ривожланиб бормоқда. Сабаби, улар хорижда ишлаб топган пулини фарзанди таълимига сарфлайди. Биздаги сингари қўша-қўша уйлар, данғиллама тўйлар билан овора бўлмайди.
Биз бугун ота-боболаримиз билан ғурурланяпмиз, аммо улар изидан бормаяпмиз, билим олишга қизиқмаяпмиз. Бир вақтлар ҳар бир қишлоқда кутубхоналар бўлса, бугун туманда битта кутубхона топиш амримаҳол. Китоб ўқишга, билим олишга бўлган иштиёқимиз шунчалик сусайиб кетдики, ҳатто ўзини зиёли ҳисоблайдиган айрим кишилар бир ойда битта китоб ўқимаяпти.
Баъзилар китоб ўқишга вақти йўқлигини баҳона қилади. Аслида китоб ўқишга вақт эмас, иштиёқ йўқолиб боряпти. Яқинда ижтимоий тармоқларда Муҳаммад Али исмли блогер яхши ташаббусга қўл урганининг гувоҳи бўлдим. У ҳар куни пиёда юриш, китоб ўқиш, кун давомида ҳеч кимни ғийбат ёки муҳокама қилмаслик, телефондан кам фойдаланиш каби шартлар билан кундалик ишларини режалаштириб чиқибди. Бу ишлар маълум миқдорда белгиланган бўлиб, ҳар куни кўпайтириб бориларкан. Масалан, у бир кунда 50 саҳифа китоб ўқиса, эртаси куни 55 саҳифа китоб ўқиши керак. Пиёда юриш ҳам худди шундай. Ётишдан олдин кунлик режаси ҳақида ҳисобот беради. Белгиланган миқдордан кам юрган ёки ўқиган, кўпроқ телефондан фойдаланиб қўйган бўлса, жарима пули ташлаб қўяркан. Бу пуллар муҳтожларга эҳсон қилиб бериларкан. Шунингдек, у кун давомида ўқиган китобидан таъсирланган воқеа-ҳодисаларни чиройли тарзда айтиб беради.
Бугун ёшларни китоб ўқишга қизиқтириш учун турли танловлар эълон қилиняпти, ғолибларга қимматбаҳо совғалар бериляпти, аммо уларни китоб ўқишга қизиқтириш ғояси ишлаб чиқилмаётганди. Муҳаммад Алининг соғлом ҳаёт тарзига амал қилиб тузиб чиққан кундалик режаси менимча кўпчиликка дарс бўлди.
Ижтимоий тармоқларда мана шундай чорловларнинг пайдо бўлаётгани ёшларнинг билим олишга қизиқтириши шубҳасиз. Демак, ёшларимиз орасида ўз устида мунтазам шуғулланадиганлар, илм олишнинг моҳиятини тушунганлар бор. Аслида ёшларнинг китоб ўқимаслигига ўзимиз айбдормиз. Аввало, катталар уйида қўлига китоб олмайди.
Олимлар бугун бола иқтидорли бўлиши учун она ҳомиладорлик пайтида китоб ўқиши кераклигини айтмоқда. Бола тарбияси ҳомила пайдо бўлганидан бошланиши, ота-она бунга тайёр бўлиши, унга ҳалол луқма едириши лозим. Афсуски, бугун ёш оналар қўлидан телефон тушмаётгани боис гўдаклар ҳам телефон берсангиз овунадиган бўлган. Ҳатто, жамоат транспортларида ҳам она боласи қўлига телефон тутқазиб, “энди жим бўл”, деяётганига гувоҳ бўляпмиз.
Шаҳримизда китоб дўконлари бармоқ билан санарли, яъни жуда кам. Шунда ҳам китоб дўконларида бор-йўғи икки-уч нафар харидорни учратасиз. Озиқ-овқат дўконларида эса одамлар касса олдида навбат кутиб туришади. Кишилар овқат ейиш, қоринни тўйдириш кундалик эҳтиёж эканини билишади-ю, китоб ўқиш руҳий озуқа эканини билмайди ёки уни ҳаётий зарурат деб ҳисобламайди.
Яқинда Англияда истиқомат қилувчи дугонам келганди. У гап орасида Англияда китоб ўқиш учун ҳамма шарт-шароитлар борлигини айтиб қолди. Масалан, чой ичишга кафега кирган мижоз кун бўйи китоб ўқиб ўтирса ҳам ҳеч ким халақит бермас эмиш. Жанубий Кореяда ҳам исталган емакхонада китоб ўқиб, дарс тайёрлаб ўтирса бўлишини эшитгандим. Демак, ривожланган давлатларда китоб ўқиш кундалик эҳтиёж сифатида қабул қилиниб, бунга етарлича шарт-шароитлар яратилган.
Биз интернетга сарфлайдиган вақтимизнинг ярмини китоб ўқишга ажратсак ҳам бемалол бир ойда тўрт-бешта китоб ўқиб қўйишимиз мумкин. Одам қанчалик ўз устида ишласа, доим ўқиб-ўрганса, аввало, вақтнинг қадрига етади. Сўнгра у бемаъни сериалларни кўрмайди, енгил-елпи қўшиқларни эшитмайди. Ана шундагина инсон умрини фойдали ишлар қилишга бағишлайди, ҳаётидан мамнун бўлади.
Ижтимоий тармоқларда яқинда Японияда бўлган зилзила оқибатида 50 нафар одам ҳалок бўлгани, худди шундай зилзила Туркияда содир бўлганида 50 минг одамнинг умрига зомин бўлганини ёзишмоқда. Японлар бундай тараққиётга фақат билим билан эришгани ҳеч кимга сир эмас. Бугун китоб ўқиш нима учун керак, билим қорин тўйдирадими, дейдиганлар мана шу ҳақиқатни тушуниб етиши лозим.
Сарлавҳани “Сартарош ҳам илмли бўлсин”, деб бежизга танламадик. Бу билан сартарошни нописанд қилиш эмас, аксинча ўз касбининг устаси бўлсин, деган маънода айтдик, холос. Худди шундай қурувчи қурган иморат сифатли бўлса, зилзила бўлса-да, бино қуламайди. Боғбон етиштирган мевалар “дори емаган” бўлса, одамларни касал қилмайди. Ичадиган сувимиздан тортиб то нафас олаётган ҳавомизнинг тозалигига эришиш учун ҳар бир касб эгасидан илм талаб этилади. Халқимизда бир нақл бор: “Билим бахт келтирар”, деган. Бахтли бўлишни истасангиз илм олинг ва билим олишдан тўхтаманг.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.