“Саховат ва кўмак”: Депутатлар ташаббусдан четда эмас

Президентимиз илгари сурган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати депутатларнинг ҳам эзгу ишларга қўшилишига туртки берди. Рост-да, сенга ишониб, суянч бўлади деб сайлаган аҳолини қийин кунда ёлғизлатиш депутатман, деган кишининг иши эмас.
Бугунги синовли кунларда эзгу ниятни кўнглига туккан халқ вакилларидан бири - Самарқанд шаҳридаги “SAMARKAND APPAREL” хорижий корхонаси бош директори, вилоят Кенгаши депутати Азиз Аҳроровдир. У Самарқанд шаҳридаги Сарбон маҳалласида яшовчи 4 нафар эҳтиёжманд оилага “Голланд” зотли товуқлар ва 300 килограммдан омихта ем етказиб берди.
***
- Давлатимиз раҳбари саховатпеша инсонларни эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашишга чақирди, - дейди халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Шаҳноза Нурмўминова. - Ҳа, эҳсон қилсангиз руҳан енгил тортасиз. Бу амалдан яхшилик кўрган инсон ҳам севинади. Дилида муҳаббат пайдо бўлади. Айниқса, Рамазон ойида кўрсатилган меҳр-мурувват, хайр-саховатнинг савоби янада улуғдир.
Ш.Нурмўминова Паст Дарғом туманидаги ғишт ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Давр» оилавий корхонаси раҳбари Абдулла Худойбердиев билан бирга Зангибойи маҳалласида яшаётган кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олди.
Ушбу маҳаллада истиқомат қилиб келаётган 15 хонадонга гўшт, ёғ, ун, макарон каби озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берди.
***
Паст Дарғом туман кенгаши депутати Феруз Тўраев эса карантин пайтида аҳолининг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш мақсадида туманнинг ўндан зиёд маҳаллаларига арзонлаштирилган нархларда маҳсулот етказиб берди.
Биқинига кўчма дўкон деб ёзилган 4 та «Дамас» русумли автоуловда олис қишлоқларда яшовчи аҳоли учун 14 хилдаги рўзғор учун зарур маҳсулотлар етказиб берилди.
- Картошкани 3,5 минг сўмдан, пиёзни 2,5 минг сўмдан, помидорни 8 минг сўмдан олдим, - дейди Олмазор маҳалласида яшовчи Наргиза Бойназарова. - Бозордан арзон ва сифатли. Раҳмат ташкилотчиларга.