Саховатпеша тадбиркорлар маҳалла аҳлига зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берди

Янги ҳаёт МФЙ Самарқанд шаҳрининг энг чекка қисмида, “Дарғом”  канали қирғоғига туташ манзилдаги навқирон маскан. Мавжуд 526 та оила истиқомат қилаётган мазкур маҳалла кейинги йилларда бир қадар ободонлаштирилди. “Сиёб нон” МЧЖ корхонаси раҳбарлари ташаббуси билан Янги ҳаётдаги 26 хонадон соҳибларига ҳомийлик ёрдами етказиб  берилди.

-  Икки нафар фарзандим бор, - дейди, оила бекаси Шаҳноза Одилова -   турмуш ўртоғим карантин туфайли ишламаяпти. Мана бизга тадбиркор Тўйчи ака Саъдуллаев ва Шодиқул бобо Нуриддиновлар бир ойга етадиган ун, гуруч, ўсимлик ёғи, макарон ва гўшт маҳсулотлар жўнатибди. Сира кам бўлишмасин.

Тадбиркорлар “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида  белгиланган хонадонлар оила аъзолари сонига  қараб, уларнинг  рўзғорига 950 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача қийматдаги зарурий озиқ-овқат  маҳсулотлари етказиб беришди. Албатта, бу ишлар карантин талабларига  қатъий  риоя этилган ҳолда амалга оширилди.

Саховатпеша тадбиркорлар Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Самарқанд тумани марказидаги Ҳожа Аҳрори Вали қабристонида ҳам ободонлаштириш ишларига ҳомийлик қилишга бел боғлаган.

Дилмурод ДЎСТМУРОДОВ,

журналист.