Сайловга жалб қилинган комиссия аъзоларига компенсация тўланади
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини сайлов қонунчилиги талабларига риоя этган ҳолда, халқаро сайлов стандартларига мувофиқ, юқори даражада ташкил этиш ва ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда молиявий масалалар ҳам муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 25 декабрдаги “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига кўра, 2021 йилда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори 300 миллиард сўм этиб белгиланган.
Жумладан, Самарқанд вилоятидаги 7-Самарқанд сайлов округи томонидан амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш учун 13,2 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Бюджет маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланиш мақсадида вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси томонидан ҳудудлардаги мавжуд сайлов жиҳозлари ва товар моддий қийматликлар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Сайлов жиҳозларига бўлган эҳтиёжларга аниқлик киритилиб, харажатлар сметасида бюджетдан ажратилган маблағнинг ҳар бир сўми ўз йўналиши бўйича ва мақсадли сарфланиши инобатга олинди.
Сметага кўра, маблағлар Президент сайлови бўйича 1 та округ сайлов комиссияси харажатлари ҳамда вилоят ҳудудидаги 1111 та участка сайлов комиссияларининг ҳар бирининг эҳтиёждан келиб чиқиб, сайлов комиссиялари аъзолигига жалб этилган 13 974 нафар комиссия аъзоларининг иш ҳақи ва компенсация тўловлари, сайлов кунида овқатланиш харажатлари, хизмат сафари ва фельдъегерлик хизмати харажатлари, сайлов бюллетенларини сайлов участкаларигача етказиб беришни ташкил этиш учун транспорт харажатлари, шаҳарлараро телефон алоқаси, сайлов комиссияларига пешлавҳа ва ахборот стендлари тайёрлаш харажатлари ҳамда сайлов округларида такрорий овоз бериш жараёнлари учун молиялаштирилади.
Ушбу харажатлар учун округ сайлов комиссиясининг харажатлар сметасида қарийб 57 миллион сўм ҳамда ҳар бир сайлов участкаси учун тенг миқдорда 12 миллион сўмгача маблағ ажратилган.
Шунингдек, сайлов комиссиялари аъзолари ва сайловчиларнинг саломатлиги билан боғлиқ хавфсизлигини таъминлаш мақсадлари учун ҳам маблағлар кўзда тутилган. Агар мазкур маблағлар тўлиқ сарфланишига эҳтиёж бўлмаса, ҳақиқатда сарфланган маблағдан қолган қисми давлат бюджетига қайтарилади.
Эслатиб ўтамиз, эндиликда сайлов комиссияси фаолиятига жалб қилинган барча комиссия аъзоларига овқатланиш, транспорт ва бошқа харажатларни қоплаш мақсадида компенсация тўловлари тўлаб берилади.
Яна бир муҳим масала, сайлов комиссиясининг доимий иш жойига эга бўлмаган аъзоларига, шу жумладан пенсионерларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига мувофиқ иш ҳақи тўлаб берилиши қонун билан белгилаб қўйилди. Бундай амалиёт комиссия аъзолигига жалб этилган фуқароларнинг мажбурий меҳнатига йўл қўймаслик мақсадида жорий этилган.
Бундан ташқари, доимий иш жойига эга бўлган фуқаролар хизмат вазифаларини бажаришдан озод этилган ҳолда сайлов комиссиясининг қарорига биноан комиссия аъзолигига жалб этилганда, уларга асосий иш жойидаги ўртача иш ҳақи ҳисоблаб тўланади.
Юнус Бобоназаров,
7-Самарқанд округ сайлов комиссияси аъзоси, вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.