Сайёр судда суд ҳукми билан жазони ўтаётган 7 нафар фуқаро озод қилинди

Оқдарё туманидаги 2-сон болалар мусиқа мактабида вилоят суди раиси О.Ҳайитов иштирокида сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабулда, шунингдек, жиноят ишлари бўйича Оқдарё туман судининг раиси Б.Полвонов, судья И.Ғуломов, фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судининг раиси Ш.Турдиалиев, вилоят маъмурий суди судьяси С.Юсупов иштирок этди ва мурожаатчиларни қабул қилиб, муаммоларини ҳал этиш чораларини кўрди. 

Қабул жараёнида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилди. Шулардан қонунга мувофиқ келадиганлари ижобий ҳал қилинди ва қолганларига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Сабаби, суд-ҳуқуқ масалаларидаги мурожаатлар ҳал этилиши аксарият ҳолларда вақт ва жараён талаб қилади.

Содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазосини ўтаётган 7 нафар фуқаро сайёр қабулда вилоят суди раисига мурожаат қилиб, қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини, бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб, жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради.

Шу ерда жиноят ишлари бўйича Оқдарё туман судининг сайёр суд мажлиси ташкил этилди. Сайёр судда ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилиб, мурожаатлар ижобий ҳал этилди.

Вилоят суди Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.