Сектор раҳбари боғчани таъмирлаш ташаббуси билан чиқди

Сектор раҳбарининг ўзи ҳам бу борада ташаббус билан чиқиб, Илм маҳалласидаги 51-мактабгача таълим муассасасини ҳашар йўли билан мукаммал таъмирлашга киришилди.
– Маҳалламиздаги 927 хонадонда 5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, – дейди Илм маҳалла фуқаролар йиғини раиси Fолиб Рўзиев. – Табиийки, оилаларимизда ёш болалар кўпчилик ва боғчага талаб юқори. Аммо ҳудудимиздаги 51-мактабгача таълим муассасасидаги шароит ота-оналарни қониқтирмагани учун тарбияланувчилар сони кескин камайиб кетаётган эди. Кейинги пайтда 50 нафаргина бола муассасага қатнарди. Жорий йилнинг февраль ойи бошида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, сектор раҳбари муассаса фаолияти билан танишгач, бу ерни ҳашар йўли билан таъмирлашга ўзи бош бўлишини айтди ва ишлар бошлаб юборилди. Ҳозирда қурилиш, таъмирлаш ишлари жадал суръатда давом этмоқда. Бу жараёнда "Гўзалкент достони" давлат унитар корхонаси қурувчилари билан бирга ички ишлар идоралари ходимлари, ҳудуддаги фермер ва тадбиркорлар, аҳоли фаол қатнашмоқда.
Қурилиш-таъмирлаш ишлари лойиҳасига кўра, муассаса 180 ўринга мўлжалланмоқда. Боғча бинолари ва ҳовлида болалар учун қулай ва хавфсиз, бугунги кун талабларига жавоб берадиган шароит ва қулайликлар  яратилади.

– 33 йил ушбу муассасада фаолият олиб бордим, – дейди меҳнат фахрийси Бўри Намозова. – Боғча 1981 йилда ишга туширилгани туфайли кейинги пайтда бинолар анча таъмирталаб бўлиб қолган, бу ердаги шароит замон талабига мос эмас эди. Президентимиз кейинги пайтда ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратганда бизнинг маҳалламиздаги боғча ҳам яқин йилларда таъмирланса керак, деб ўйлагандим. Мана, ниятларимиз кутганимиздан барвақт амалга ошадиган бўлди. Бутун маҳалламиз аҳли – катта-ю кичик бундан хурсанд. Ҳар бир қишлоқдошимиз қурилиш-ободонлаштириш ишларига ҳисса қўшсам, дейди. Ахир бу ерда бизнинг фарзандларимиз, набираларимиз таълим-тарбия олади.
Мактабгача таълим муассасаси Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топширилади.

Fолиб ҲАСАНОВ,
Алишер ИСРОИЛОВ
(фото).